Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан 2024-йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар учун ижара нархлари таҳлил қилинди.
Жорий йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар учун ижара нархининг ошиши кузатилди ва бунга бир қанча омиллар, жумладан, сентябрь ойидан олий таълим муассасаларида янги ўқув йилининг бошланиши бўйича кутилмалар таъсир кўрсатди. Мазкур даврда пойтахтда ўртача таъмирланган хонадонлар учун ижара нархлари июль ойидагига нисбатан ўртача 1,9 фоизга,
тўлиқ таъмирланган хонадонлар учун эса 0,3 фоизга ошди.
Ўртача таъмирланган уй-жой ижарасига талабнинг ошиши бўйича кутилмалар ушбу турдаги уйлар ижара нархларига таъсир кўрсатди. 2024-йилнинг август ойида ижара нархлари июль ойидагига нисбатан ўртача таъмирланган 1 хонали уйлар учун 1,3 фоизга, 2 хонали уйлар учун 2,1 фоизга, 3 хонали уйлар учун 1,7 фоизга, 4 хонали уйлар учун эса 2,5 фоизга ошди.
Ўртача таъмирланган хонадонлар учун нисбатан арзон ижара нархлари Сергели (1 хонали - 285 АҚШ доллари, 2 хонали – 348 АҚШ доллари, 3 хонали – 387 АҚШ доллари, 4 хонали - 460 АҚШ доллари), Олмазор (1 хонали – 301 АҚШ доллари, 2 хонали – 359 АҚШ доллари, 3 хонали – 414 АҚШ доллари, 4 хонали – 471 АҚШ доллари) туманларида таклиф этилган бўлса, энг қиммат ижара нархлари Миробод (1 хонали – 350 АҚШ доллари, 2 хонали – 445 АҚШ доллари, 3 хонали – 550 АҚШ доллари, 4 хонали – 736 АҚШ доллари) ва Яккасарой (1 хонали – 349 АҚШ доллари, 2 хонали – 455 АҚШ доллари, 3 хонали – 585 АҚШ доллари, 4 хонали – 603 АҚШ доллари) туманларида кузатилди.
Тўлиқ таъмирланган уй-жойлар ижараси. 2024-йилнинг август ойида тўлиқ таъмирланган 3 хонали ва 4 хонали уй-жойлар учун таклиф этилган ўртача ижара нархлари июль ойидагига нисбатан пасайган бўлса, 1 хонали ва 2 хонали
уй-жойлар учун таклиф этилган ўртача ижара нархларида ўсиш кузатилди. Мазкур даврда 3 хонали уй-жойлар ижараси 0,4 фоизга, 4 хонали уй-жойлар ижараси 2,0 фоизга арзонлашган бўлса-да, 2 хонали уй-жойлар ижараси ўртача 0,1 фоизга, 1 хонали уй-жойлар ижараси 3,4 фоизга қимматлашди.
Тўлиқ таъмирланган уй-жойларнинг энг арзон ижара нархлари Сергели (1 хонали – 335 АҚШ доллари, 2 хонали – 416 АҚШ доллари, 3 хонали – 501 АҚШ доллари, 4 хонали – 634 АҚШ доллари) ва Учтепа (1 хонали – 377 АҚШ доллари, 2 хонали – 437 АҚШ доллари, 3 хонали – 563 АҚШ доллари, 4 хонали – 669 АҚШ доллари) туманларида, энг қиммат ижара нархлари эса Миробод (1 хонали – 456 АҚШ доллари, 2 хонали – 688 АҚШ доллари, 3 хонали – 1006 АҚШ доллари, 4 хонали – 1274 АҚШ доллари) ва Шайхонтоҳур (1 хонали – 421 АҚШ доллари, 2 хонали – 715 АҚШ доллари, 3 хонали – 1014 АҚШ доллари, 4 хонали – 1279 АҚШ доллари) туманларида кузатилди.
Ижара нархлари olx.uz платформасидан веб скрепинг (web scraping) орқали олинган очиқ маълумотлар асосида таҳлил қилинди. Бунда 2024-йилнинг июль ойи учун 52,6 мингта ва август ойи учун 51,9 мингта маълумотдан фойдаланилди. Иккала давр учун ҳам таҳлил нархлар чегарасининг юқори ва пастки 5 фоизлик квантиллари чиқариб ташлангандан кейин амалга оширилди.