Атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш чоралари кучайтирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисда “Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қурилиш ва урбанизация кўламларининг кенгайиши, қурилиш объектларининг майдонларидан чанг ва қум заррачаларининг шамол орқали ҳавога кўтарилиши натижасида атмосфера ҳавоси ёмонлашмоқда.
Статистик маълумотларга қараганда республикамизда 500 квадрат метрлик очиқ қурилиш майдонидан йилига 50 тоннагача чанг ва қум ҳавога кўтарилади.
Аслида, қурилиш ҳудудлари, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар (чангни бостириш учун осма ёмғирлатгич ва сув пуркагичлардан фойдаланиш) шаҳарсозлик қоидаларига киритилган.
Бироқ миллий қонунчиликда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талаблари ва шаҳарсозлик қоидалари доирасида айнан қурилишда чангни ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун аниқ жавобгарлик назарда тутилмаган.
Шу сабабли, мавжуд вазият қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгиланишини тақозо этмоқда.
Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи модда билан тўлдирилмоқда.
Эндиликда ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, агар шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан сўнг бир йил давомида такроран содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима қўлланилади.
Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш даврида атмосфера ҳавосига тартибсиз равишда ташланадиган чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини олдини олади. Атроф-муҳитнинг экологик мусаффолигини сақлаш, фуқароларнинг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлайди.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.