Йиғилишда Вазирликнинг раҳбар ва масъул ходимлари, ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият юритувчи компаниялар, корхоналар ва ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий раҳбарлари иштирок этишди. Ҳудудий раҳбарларнинг мажлисда иштироки видеоконференция орқали таъминланди. Шунингдек, йиғилишда оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.
Ҳайъат йиғилишида мамлакатдаги АКТ соҳаси ривожланиши ва ҳозирги ҳолати ҳар тарафлама ва танқидий таҳлил руҳида ўтди.
Ҳайъат йиғилишида таъкидланганидек, 2017 йилнинг I чорагида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш тизимида фаолият юритаётган корхоналар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 1,61 трлн. сўмни (2016 йилнинг шу даврига солиштирганда ўсиш 12,5%) ташкил этди.
Шу билан бирга, корхоналар олдига мавжуд заҳираларни тўлиқ ишга солиш ҳамда хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, даромадни ошириш юзасидан соҳадаги ҳар бир муассаса раҳбари олдига вазифа қўйилди.
2017 йилнинг январь-март ойларида соҳа корхоналарининг экспорт улуши 2016 йилнинг шу даврига нисбата ўсиш ҳажми 3.3 %га, яъни $28,92 млн.га ошган. Тизимдаги муассаса раҳбарларига хорижий ҳамкорлар билан шартномалар имзолаш эвазига экспорт ҳажмини ошириш бўйича вазифалар берилди.
Ҳайъат мажлиси иштирокчилари Республикадаги телекоммуникация тармоқларининг ривожланиши, жумладан марказдан олис, қишлоқ ҳудудларида бу борадаги натижалар ҳолатини ҳам муҳокама қилиб, бу йўналишдаги ишлар танқид остига олинди ва “Ўзбектелеком” АК раҳбариятига аҳолини кенг полосали интернет билан қамраб олиш юзасидан режа ва чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича 5 та устувор йўналишларга оид Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини ривожлантириш, жумладан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Халқ қабулхоналари фаолиятининг йўлга қўйилиши, далат раҳбарининг Виртуал қабулхонаси ҳаётга олижаноб бир ғоянинг татбиқ этилишига замин яратди: “Инсон манфаатлари – барча нарсадан муҳим”.
Тизимда юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолатига алоҳида диққат қаратилди. 2017 йилнинг I чорагида вазирликка 3408 та мурожаат келиб тушган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали 2624 та, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг виртуал қабулхонаси орқали 531 та, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 106 та, шунингдек ёзма шаклда 147 та мурожаат келиб тушган. 2016 йилнинг IV чорагига нисбатан мурожаатлар миқдори 11 фоизга камайган.
Вазирлик мурожаатчилар ишончини ошириш ҳамда улар билан бевосита ишлаш бўйича мунтазам чора-тадбирлар олиб боради. Натижада, вазирлик виртуал қабулхонаси орқали қабул қилинган мурожаатлар миқдори 67 фоизга ошиб, Президент виртуал қабулхонаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар 5 фоизга камайган. Шунингдек, оғзаки ва ёзма мурожаатлар ҳам 23 фоизга қисқарган. Бу – Вазирлик виртуал қабулхонаси орқали аҳоли билан яқиндан ишлаш ўз самарасини бераётганини англатади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларнинг 37 фоизи почта хизматлари, 12,5 фоизи алоқа тармоқлари, 11 фоизи интернет хизматлари, 8 фоизи мобил алоқа хизматлари тўғрисида. Шунингдек, 3 фоизи соҳадаги муассаса ва корхона раҳбарлари устидан шикоятлар.
Аҳоли мурожаатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, уларнинг аксарияти Тошкент шаҳри (31%), Тошкент вилояти (13 фоиз), Фарғона вилояти (9%) аҳолисидан келиб тушган. Йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйилаётган хато-камчиликларга ойдинлик киритилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисидан қилинган мурожаатлар сони 106% га, Андижон – 73%, Қашқадарё ва Навий – по 32%, Наманган – 3%, Сурхондарё – 18%, Сирдарё – 60% ҳамда Фарғона – 28% га ошган. Бу масалада ҳудудий бошқармаларнинг фаолияти танқидий баҳоланди.
Вазирлик тизимидаги муассасалар, оператор ва провайдерларга веб-сайт ҳамда телефон алоқаси орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни мустаҳкамлаш юзасидан топшириқ берилди. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига сифатли симли ва мобил алоқа, интернет хизматларини кўрсатиш бўйича тизимли назорат ўрнатиш вазифаси юклатилди.
Республика ҳудудлари бўйлаб мобил алоқа тармоқларининг ривожланиш ҳолати муҳокама қилиниб, бир нечта аҳоли пунктлари ва қишлоқларнинг мобил алоқа тармоқлари билан қамраб олинмагани, шу муносабат билан, мазкур ҳудуларда мобил алоқа база станцияларини ишга тушириш бўйича тезкор чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Аҳолига кенг полосали интернет хизматларидан фойдаланиш ҳолати танқид остига олинди. Бугунги кунда Ўзбекистондаги жами кенг полосали хизмат кўрсатувчи портлар сони 860 мингтани ташкил қилади. 2016 йилнинг I чорагига нисбатан ўсиш 14,4%. Шунингдек, фойдаланилаётган портлар сони 525,9 мингтани, ўсиш эса 10,1% ни ташкил қилади. Ҳисобот даврида портлардан фойдаланиш Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида камайган. Шу сабабли, бу борада кўрсаткичларимиз жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари билан солиштириб кўрганда – жуда паст.
"Ўзбектелеком" АК раҳбариятига кенг полосали интернет тармоқларини кенгайтириш, хусусан оптик толали алоқа линияларини абонентларгача етказишга оид режа ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Йиғилишда Ўзбекистонда рақамли телевидениени жорий қилиш босқичма-босқич амалга оширилаётгани, бугунда аҳолининг 95 фоиз қисми рақамли каналларни кўриш имконига эгалиги қайд этилди. Шу билан бирга, масъулларга манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг аналог телевидение сигналларини босқичма-босқич ўчириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашни тезлаштириш вазифаси топширилди.
"Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар, жумладан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлар эҳтиёжидан келиб чиқиб интерактив хизматларнинг жорий қилиниши етарли даражада ташкил этилмаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан, йиғилишда марказ фаолияти ҳар томонлама ва танқидий баҳоланиб, "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази директори Ш.Ҳабибуллаевга нисбатан интизомий чора қўлланилди. Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги талқинини ишга туширишни тезлаштириш, интерактив хизматларни жорий қилиш баробарида сонга эмас, уларга бўлган талаб ҳамда сифатга алоҳида эътибор қаратиш вазифалари юклатилди.
Қайд этилганидек, давлат органлари томонидан янги электрон хизматларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий қилиниши етарли дарада эмас. Шу муносабат билан, УЗИНФОCОМ Марказига янги онлайн хизматларни ишлаб чиқиш юзасидан қатъий назоратни юритиш вазифаси юкланди. “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказига электрон ҳукумат тизимини жорий қилишнинг янги модулларини татбиқ этиш бўйича ишларни амалга оширишни жадаллаштириши зарурлигига урғу қаратилди.
Таълим муассасаларини ЗиёНEТ тармоғидан фойдаланиши қониқарсиз деб топилиб, гарчи мактаб, лицей, коллеж ва олий таълим муассасаларининг уланганлик ҳолати яхши бўлса-да, ёшларнинг тармоқдан фойдаланиш кўрсаткичлари пастлигича қолаётгани айтилди. Шу муносабат билан, УЗИНФОCОМ Маркази директори Ҳ.Исаевга йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди, ёшлар томонидан ЗиёНEТ тармоғининг таълимий ресурсларидан фойдаланиш кўламини ошириш бўйича таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш вазифаси берилди.
Ҳайъат йиғилиши иштирокчилари дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасининг ривожланишига алоҳида диққат қилишди. Айни кунда Ўзбекистонда 678 та дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субектлари рўйхатга олинган. 2017 йилнинг I чорагида улар томонидан 25,5 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилиб, $131 минг долларлик маҳсулот ташқи бозорга сотилган. Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот-коммуникация технологияларини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойиҳасини манфаатдор ташкилотлар билан келишувга тайёрлашни тезлаштириш лозимлиги таъкидланди.
“Ўзбекистон почтаси” АЖ ва “Матбуот тарқатувчи” АКнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш масалалари атрофлича ўрганилди. Жумладан, мазкур муассасаларнинг ўз фаолиятларини тубдан такомиллаштиришни, янги хизматлар жорий қилиш ва яхшилашни кўриб чиқишлари керак. “Ўзбекистон почтаси” АЖ фаолиятининг сустлиги қайд этилиб, жамият раҳбариятига халқаро тажриба асосида фаолиятини ташкил қилиши бўйича топшириқларнинг бажарилмаётгани айтилди. Шу муносабат билан, жамият раҳбариятига Ўзбекистон Республикасининг "Электон ҳукумат тўғрисида"ги қонуни асосида янги почта хизматларини жорий қилишни жадаллаштириш вазифаси юклатилди.
"Ўзбекистон почтаси" АЖ фаолиятида фуқаролар билан ишлаш таҳлиллари муайян ҳудуларда почта хизматларини кўрсатиш бўйича шикоятларнинг сезиларли даражада ўсганини кўрсатмоқда. Шуни инобатга олиб, жамият раҳбариятига жамиятнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Сирдарё вилоятларидаги бўлинмаларининг фаолиятини танқидий ўрганиб, натижалари бўйича бўлинмаларнинг бошлиқларига нисбатан шахсий жавобгарлик чораларини кўриш вазифаси белгиланди.
Шунингдек, Ҳайъат йиғилишида соҳа учун кадрлар тайёрлаш, кадрлар заҳирасини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли бўлинмаларга раҳбар лавозимларга кадрлар заҳирасини тайёрлаш вазифаси берилди. Тошкент ахборот технологиялари университетига бўлажак қабул жараёнларини очиқ ва ошкора ташкил этиш, таълим жараёнини яхшилаш ҳамда профессор-ўқитувчилар таркибини яхшилаш, шунингдек илмий тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш чораларини кўриш топшириғи юклатилди.
Соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир раҳбар диққати мамлакат раҳбарининг 2017 йил 11 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича қарори талабларини сўзсиз таъминлаш зарурлигига қаратилди.
Ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Қарорда ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасини янада ривожланитиришга қаратилган чора-тадбирлар аниқлаб олинди.