Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституциясининнг 24 йиллигини катта тантана билан нишонладик. Бу шодиёналар юртимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда. Зеро, Бош қомусимиз халқимиз фаровон ҳаётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқини биз маҳаллий Кенгаш депутлари катта қувонч билан кутиб олдик. Айниқса, ўтган йиллар сарҳисоби олиниб, қолаверса, мустақиллик йилларида ҳар бир йилга алоҳида ном бериш анъанасидан келиб чиқиб кириб келаётган 2017-йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилгани ҳар бир юртдошларимиз қалбида эртанги порлоқ келажагига, орзу-умидлари ушалишига бўлган ишончини янада оширди, десак муболаға бўлмайди.
Маърузада қайд этилганидек, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш даркор.
Маърузада келтирилган фикр-мулоҳазалар бизларнинг ҳам зиммамизга катта масъулият юклайди. Хусусан, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак деган ҳаётий ҳақиқат мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигидан далолат беради.
Шу маънода халқ билан мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш мақсадида O’zLiDeP тизимида ташкил этилаётган “Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратиш ҳам асосий мақсадларимиздан биридир.
Мазкур тамойиллардан келиб чиқиб, биз депутатлар ҳам ўз фаолиятимизда бизларга берилган ваколат доирасида жойларда фуқаролар билан учрашувларимизни канда қилмай, уларнинг муаммоларини партиявий воситалар асосида ҳал этишга қаратилган сайи-харакатларимизни янада кучайтириб, келгусида ўз самарасини берадиган тизимли ишлар кўламини кенгайтиришимиз лозим бўлади. Бунда давлат ва нодавлат ташкилотлари, бевосита партия тузилмалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинлари, бошланғич партия ташкилотлари билан ишларни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги қатор амалий чора-тадбирларимизни самарали давом эттириш талаб этилади.
Шерзод Жўраев, Юқори Чирчиқ туманидаги “Барлос” фермер хўжалиги раҳбари:
Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қайд этилган яна бир муҳим масала – аҳолимизнинг ярмидан кўпи яшайдиган қишлоқ жойларда ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш билан бевосита боғлиқлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу сабабли бундан буён ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, илғор технологияларни жорий этишга асосий эътибор қаратилади. Шунингдек, янги 2017-йилдан бошлаб қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон ва қулай уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширишга киришилади.
Барчамиз гувоҳ бўлаётганимиздек, инсон манфаатларини юрт тинчлиги, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидан ажратган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Буларнинг барчаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Шундай экан, кириб келаётган янги йил инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил давом эттириш, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этиш йўлида яна бир улкан қадам бўлади.
Бу борада биз фермерлар ҳам аҳолимиз фаровонлигини янада юксалтириш, дастурхонларимиз тўкин-сочинлиги таъминлаш, энг муҳими одамларимиз ҳаётдан рози бўлиб яшашларида бор куч ва имкониятларимизни ишга солиб, баҳамжиҳатликда иш олиб борамиз.
Равшан Маматхўжаев, Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги O’zLiDeP депутутлик гуруҳи аъзоси:
Маърузада депутатларнинг халқимиз олдидаги масъулиятини, обрў -эътиборини янада ошириш юзасидан ҳам жиддий таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, қабул қилинаётган қонунлар, Фармон ва қарорларни кенг халқ оммасига етказиш, мазмун-моҳиятини одамларга тушунтириш ишлари самарадорлигини янада ошириш таъкидланди. Шу маънода биз ҳам олдимизга бир қатор вазифаларни белгилаб олдик. Биринчи навбатда ўз сайловчиларимиз билан учрашувларни янада кўпайтириш, Президентимиз маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишларини одамларга содда ва халқона тилда тушунтириш, қолаверса, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига алоҳида эътиборни қаратиш, муаммоларнинг жойларда ҳал этилиши юзасидан депутатлик назорати, депутатлик сўрови ваколатларидан самарали фойдаланишга эътиборни янада кучайтирамиз.
Шунингдек, маърузада таъкидланганидек, “Парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда ўзлари сайланган ҳудуддаги ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши ва тегишли хулоса бериши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Бу таклиф ҳам депутатларнинг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади. Шунинг учун биз бу ишонч ва масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда мамлакатимизда қонун устуворлигини, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашга, бир сўз билан айтганда, халқимиз манфатлари йўлида бор билим ва салоҳиятимизни ишга соламиз.
Баҳодир Юсупов, O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири:
Куни кеча Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бош қомусимиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши ҳақида фикрлари биз ёшларга бўлган катта ғамхўрлик, эътиборнинг наъмунаси деб биламан.
Айниқса, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастурида биз ёшлар учун зарур шароитлар яратиш, янги-янги таълим-тарбия, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилиши муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, маърузада ҳозирги вақтда ёшлар тарбияси биз учун ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бўлиб қолаётганлигига эътибор қаратилганлиги партиямизнинг “Ёшлар қаноти” олдида ҳам муҳим устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
Таъкидланганидек, бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда.
Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим.
Бунинг учун ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак. Бу борада уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур деган фикрни партия фаоллари ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Шу сабабли O’zLiDeP “Ёшлар қаноти” ҳам ўз олдига катта масъулиятни ҳис этган ҳолда бир қатор жамоат ташкилотлар билан ҳамкорликда уюшмаган ёшлар билан ишлаш мақсадида турли семинарлар, учрашувлар, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориши лозим.
Энг асосийси яқинда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун бу борадаги ишларимизни янада такомиллаштиришда муҳим қонуний ҳужжат бўлиб хизмат қилади.