Банк мунтазам равишда ўз таркибий тузилмалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва мамлакатимиз молия бозоридаги иштирокини кенгайтириш бўйича фаол ишлар олиб бормоқда. Ҳозирги кунда банкнинг тармоқ тизими республикамизнинг бутун ҳудудини қамраб олган бўлиб, 26 та филиал, 85 та мини банк, 272 та чакана банк хизматлари кўрсатувчи шаҳобчалар орқали аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга барча турдаги юқори сифатли банк хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Банк томонидан мижозлар базасини кенгайтириш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилди. Бунинг натижасида мижозлар сони 264,9 минг нафарга кўпайди ва уларнинг сони 1860,5 минг нафарни ташкил қилди.
2016-йил 1-октябрь ҳолатига республикамиз иқтисодиётининг турли соҳаларига йўналтирилган банк кредит қўйилмалари ҳажми 4089,5 млрд.сўмни ташкил қилди.
Кредит қўйилмаларининг 3 706,4 млрд.сўм миқдоридаги қисми узоқ муддатли кредитлардан иборат, шу жумладан инвестицион кредитлар – 3 148,5 млрд.сўм.
Банк томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун 1 078,5 млрд.сўм миқдорида кредитлар ажратилди, 28,1 млрд.сом миқдорида лизинг хизматлари кўрсатилиб, лизинг портфели ҳажми 113,8 млрд.сўмни ташкил қилди.
Банк томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини доимий равишда қўллаб-қувватлаш ва уларга кўрсатилаётган банк хизматлари турларини кенгайтириш, сифатини янада яхшилаш ва кредит маблағлари ҳажмини кўпайтириш бўйича ишларни фаол давом эттириб, жорий йил 9 ойи давомида барча молиялаш манбалари ҳисобидан кичик бизнес субъектларига 1 243,5 млрд.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Шу жумладан, аёллар тадбиркорлигини ташкил этиш ва ривожлантиришга 106,1 млрд.сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 200,1 млрд.сўм, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 11,6 млрд.сўм, таълим муассасалари битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун 11,8 млрд.сўм, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга 528,7 млрд.сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Ҳозирги кунда 42 турдаги миллий ва хорижий валютадаги омонатлар жорий қилинган бўлиб, омонатларни банкнинг барча филиалларида расмийлаштириш мумкин.
Банк томонидан нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш ва аҳолининг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилиш бўйича олиб борилган фаол ишлар натижасида аҳоли омонатлари қолдиғи 2016-йил 1-октябрь ҳолатига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 148,9 млрд.сўмга ўсди ва 720,3 млрд. сўмни ташкил этди. Омонатчилар сони 257,6 минг нафарга ўсди ва 1 821,9 минг нафардан ошди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010-йил 19-апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорини ижросини таъминлаш мақсадида пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Банк томонидан 2016-йил 1-октябрь ҳолатига 1 707,3 минг донадан ортиқ пластик карточкалар муомалага чиқарилди. 11,02 минг дона терминал, 27 та банкомат ва 46 та инфокиоск ўрнатилди. 9 942 та корхона ва ташкилотларда “иш ҳақи” лойиҳалари жорий этилди. Пластик карточкалар орқали амалга оширилаётган нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ҳам кенгаймоқда. Жорий йил 9 ойи давомида савдо айланмалари миқдори 1 758,6 млрд. сўмни ташкил қилди.