АҚШ ва Ўзбекистон олий таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 15 май куни АҚШнинг Юта штати Сенати Президенти Адамс Стюарт ва Жаҳон савдо ташкилоти раҳбари Жеф Флейк бошчилигидаги делегация Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ташриф буюрди.
Меҳмонларни вазир ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов бошчилигидаги ҳайъат кутиб олди ва мамлакатимизда олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан техника ва муҳандислик соҳаларидаги кадрлар тайёрлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди.
Мулоқотда энергетика, ахборот технологиялари, машинасозлик, архитектура ва қурилиш, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармасевтика йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Бугунги кунда 40 та Ўзбекистон ОТМлари АҚШнинг 25 дан зиёд университет ва таълим муассасалари билан меморандумлар асосида ҳамкорлик қилмоқда.
Бу ҳамкорлик доирасида профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар ва форумлар, малака ошириш курслари, америкалик мутахассисларнинг Ўзбекистон ОТМларида дарс ўтиши каби ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Адамс Стюарт жорий йил май ойида Самарқандда ташкил этилган АҚШ-Ўзбекистон қўшма илмий конференциясини мисол тариқасида келтириб, ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланишига умид билдирди.