Валюта курслари 20/12/2024
$1 – 12875.06
UZS – 0.1%
€1 – 13406.80
UZS – -0.67%
₽1 – 124.75
UZS – -0.57%
Қидириш
Маданият 15/11/2024 АҚШ Шер-Дор мадрасасини консервация қилиш учун 500 минг доллар ажратади

АҚШ Шер-Дор мадрасасини консервация қилиш учун 500 минг доллар ажратади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Самарқанддаги Шердор мадрасасида консервация ва реставрация ишларини амалга оширишга қаратилган лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорлик қилади.

Агентлик тақдим этган лойиҳа бутун дунё бўйлаб ўтказилган саралаш босқичида танлаб олиниб, бу йил учун энг катта, танлов тарихида эса Ўзбекистон учун энг йирик суммани ташкил этди. 500000 доллар миқдордаги мазкур ташаббусни Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (IICAS) техник томондан қўллаб-қувватлайди. Ушбу грант АҚШ Маданий асраб-авайлаш жамғармаси (AFCP) Ўзбекистонда қўллаб-қувватлаётган 14-лойиҳа бўлиб, ҳозиргача жамғарма ёрдамида умумий қиймати 1350000 доллар бўлган хилма-хил лойиҳалар амалга оширилган. Бу галги янги лойиҳа 2023-йилда Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасида маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича имзоланган икки томонлама келишувда кўзда тутилган мақсадларга ҳамоҳангдир.

Маданий мерос агентлиги IICAS кўмагида Шердор мадрасаси фасади консервация ва реставрациясини маҳаллий ҳунармандлар ва мутахассисларни жалб қилиш орқали амалга оширади. Лойиҳа сифати ва самарадорлигини ошириш учун хорижлик мутахассислар ҳам таклиф этилади. Лойиҳа ҳамкорлари Агентликни дунёнинг етакчи олимлари билан боғланишади, маданий меросни сақлаш учун зарур ҳужжат ва ресурсларга эга бўлиш имконини яратишади ҳамда лойиҳа давомида қўлга киритилган илмий хулосаларни кенг тарқатишда ёрдам беришади.

“Биз Регистон майдонидаги гўзал ва рамзий Шердор мадрасасининг консервация ишларида иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар бу муҳим ёдгорликни келгуси авлодлар ва бутун инсоният учун сақлаб қолишда ёрдам беради. Бундай ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, бу муҳим асраб қолиш ва Ўзбекистоннинг маданий меросини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшади,”- деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник.

“Шердор мадрасасининг консервация-реставрация лойиҳаси АҚШ Маданий асраб-авайлаш жамғармаси билан биргаликда амалга оширилиши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликнинг жадал ривожланётганлигига яққол дадилдир. Мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаганлиги учун АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига миннатдорлик билдирамиз. Келгусидаги ҳамкорлигимиз янада кучайишига ҳамда бу каби лойиҳаларнинг салмоғи янада ошишига ишонамиз,”– деди Агентлик директори Б.Абдикаримов.

2001-йилда АҚШ Конгресси томонидан ташкил этилиб, АҚШ Давлат департаменти бошқарадиган Маданий асраб-авайлаш жамғармаси (AFCP) дунёнинг ривожланаётган мамлакатларида маданий ёдгорликларни, маданий обектлар ва тўпламларни ҳамда анъанавий маданий меъросни сақлашга доир лойиҳаларга бевосита грантлар тақдим этади. 2024-йилги глобал грантлар танловига 71 мамлакатдан 149 та маданий меросни сақлаш лойиҳаси тақдим этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг