Анқара саноат палатаси вакиллари Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Анқара Саноат палатаси раиси ўринбосари Мете Чаглаян бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Анқара Саноат Палатаси 1964 йилда ташкил этилган ва 67 та турли соҳаларда фаолият юритувчи 100 дан ортиқ компанияларни бирлаштирган.
Жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 8-йиғилиши ва бизнес-форумини ўтказишнинг ташкилий масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, учрашув чоғида Туркия томонига қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, металлургия, чарм, заргарлик саноати, қурилиш материаллари ва мебель ишлаб чиқариш каби устувор йўналишларда истиқболли лойиҳалар тақдим этилди.
Мете Чаглаян муҳокама қилинган лойиҳаларни амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторларни жалб қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.