Бугун, 16 июнь куни Андижон вилоятида янги микро ГЭСларнинг очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳманов, вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б. Хамраев, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раиси А. Сангинов ҳамда масъул раҳбарлар, маҳаллий хусусий сектор вакиллари – тадбиркорлар, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Айтиш лозимки, янги истиқболли лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳияти янада ортади ҳамда тоза ва арзон яшил электр энергия манбасини ишлаб чиқариш кескин оширилади. Шу мақсадда, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан республика бўйлаб жами 250 та умумий қуввати 125 МВт, ўртача йиллик ишлаб чиқариши 675 млн.кВт.соат бўлган микро ГЭС лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилди.
Бугун ана шу манзилли рўйхати шакллантирилган Андижон туманининг Завроқ маҳалласи каналининг биринчи пикетида қуввати 200 кВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,2 млн.кВт.соат бўлган Завроқ микро ГЭС ишга туширилди. Ушбу лойиҳани ишга тушириш орқали, келгусида Андижон туманининг 300 та хонадонини ёки 1 200 нафар аҳолисини экологик тоза электр энергия манбаи билан таъминлаш имконини беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 млрд.сўмни, хусусан асбоб-ускуналар 1,9 млрд.сўмни, қурилиш-монтаж ишлари 1,5 млрд.сўмни, шундан 220 млн. сўм қувватни тармоққа узатиш харажатларини ташкил этди. Лойиҳанинг ўзини иқтисодий жиҳатдан қоплаш муддати 4,4 йилни ташкил этади.
Шунингдек, Андижон вилояти Олтинкўл тумани Улуғнор каналининг саксон бешинчи пикетида янги чархпалак типидаги микро ГЭСи ҳам янги қувватда ишга туширилди. Қуввати 50 кВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 360 минг. кВт.соатни ташкил этган мазкур микро ГЭС 150 та хонадонни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга.
Аҳамиятли жиҳати, лойиҳа доирасидаги лойиҳалаштириш, қурилиш ҳамда ускуналарни ўрнатиш ишлари нисбатан қисқа вақт оралиғида, яъни, 2 ойда амалга оширилишига муваффақ бўлинди.
Эътиборлиси, мазкур лойиҳанинг лойиҳа ҳужжатлари “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги “Гидропроект” АЖ томонидан 10 кун муддатда ишлаб чиқилган бўлса, лойиҳа агрегатлари “Сувсаноатмаш” АЖ ишлаб чиқариш негизида, саноат кооперацияси асосида Хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда қисқа 1 ойлик фурсатда ишлаб чиқарилиб, лойиҳа майдонига етказиб берилди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, биргина Андижон вилоятида аниқланган дастлабки рўйхатга кўра умумий қуввати 19 МВт жами 52 та микро ГЭСларни қуриш режалаштирилган. Шундан, жорий йилда умумий қуввати 2 130 кВтли 7 та қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, сув босимида ишловчи 3 та микро ГЭС, 2 та сув юзида сузиб турувчи кинетик гидроагрегат ҳамда 2 та чархпалак туридаги лойиҳанинг ишга туширилиши кўзда тутилган.
Энг муҳими, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига маҳаллий ҳудудда узлуксиз электр энергияси таъминотига эга бўлиш билан бир қаторда, доимий асосда 40 тага яқин янги иш ўринлари яратилади.
Қурилиш-монтаж ишлари тендер савдолари орқали аниқланган маҳаллий пудрат ташкилоти томонидан 45 кунда амалга оширилди.
Бундан ташқари, 2023-2024 йилларда Андижон вилоятида қуввати 6,9 МВт, ўртача йиллик энергия ишлаб чиқариши қуввати 33,0 млн.кВт.соатга тенг “Жанубий Фарғона каналида ЖФК-3 ГЭС қурилиши” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Ушбу лойиҳани ишга тушириш орқали, келгусида Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги 14 минг хонадонни экологик тоза энергия манбаи билан таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, ҳудудларда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Ҳиндистоннинг “МАКЛEК” компанияси ўртасида сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатларни Ўзбекистонда “Made in Uzbekistan” бренди остида ишлаб чиқариш ҳамда амалиётга кенг татбиқ этиш мўлжалланган. Мазкур инновацион гидроагрегатлар ҳам республикада биринчи бўлиб айнан Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри Шаҳрихонсойда 2023 йилнинг июль ойида жорий этилиб, жами қуввати 800 кВт бўлган 2 та агрегат ўрнатилади.