Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги хонадонлардан бирида газ портлаши содир бўлди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Ҳодиса 3 январь куни соат 03:00 атрофида «Шомат» маҳалласида жойлашган уйда содир бўлган. Фуқаро Х. Ш. ўз қўли билан ясаган иситиш мосламасини ёқишга уринган вақтда газ портлаши содир бўлган.
Натижада, Х. Ш. танасининг 90% қисмида куйиш жароҳатлари олган, унинг рафиқаси Л. Ш. 35-40%, ўғли Ж. Х. 20-30%, ва қизи Х. Х. эса 70% даражада куйган. Жабрланганлар тиббиёт муассасасига етказилган.
4 январь куни, шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, қиз Х. Х. вафот этган.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича суд-тиббий экспертизаси ўтказилмоқда ва дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.