Андижон маҳсулотлари АҚШ бозорига кириб боради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Нью-Йорк шаҳрида қатор муҳим учрашувларни ўтказди. Сафар доирасида делегация WRAP халқаро нуфузли ташкилотининг дастурлар бўйича катта директори ва АҚШ–Ўзбекистон Савдо палатаси ижрочи директори билан музокаралар олиб борди.
WRAP — дунёдаги энг йирик мустақил сертификатлаш ташкилоти бўлиб, 40 тадан зиёд мамлакатларда 3 мингдан ортиқ фабрикалар WRAP сертификатига эга.
Андижон — Ўзбекистонда тўқимачилик саноати бўйича етакчи ҳудудлардан, ҳозирда вилоятда йиллик қиймати 1,2 миллиард доллардан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда ва уларнинг 60%дан ортиғи экспортга йўналтирилади. Асосий бозорлар бўлган Россия, Туркия, Хитой ва Европа мамлакатлари билан бир қаторда, АҚШ бозорига чиқиш бўйича ҳам жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Учрашувда Андижон тўқимачилик маҳсулотларини Америка бозорига киритиш ва дистрибьюторлар тармоғи орқали кенгайтириш, сифат кўрсаткичларини жаҳон стандартлари даражасига етказиш ҳамда WRAP сертификати орқали халқаро ишончни таъминлаш,
йирик америкалик инвесторлар ва брендинг компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашув чоғида АҚШ–Ўзбекистон Савдо палатаси вакиллари икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётганини қайд этдилар.
Бу музокаралар Андижон вилояти учун янги сармоялар ва халқаро ҳамкорлик эшигини очиши, шу билан бирга, ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини АҚШ ва глобал бозорларда нуфузли бренд сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилади.