Alliance Plus Co. Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва мутахассислар тайёрлашга қизиқиш билдирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Акобир Тўхтаев бошчилигидаги делегация Покистонда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Карачида чарм хомашёсини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Alliance Plus Co. компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.
Alliance Plus Co. ўз тасарруфидаги 3 та замонавий чарм заводида йилига 10 миллион бош қўй, эчки ва қорамол терисини қайта ишлаш қувватига эга. Компания маҳсулотлари тўлиқ экспортга йўналтирилган бўлиб, Европа ва Осиёнинг етакчи бозорларига етказиб берилади. Бу эса маҳсулот сифатининг юқорилиги ва компания бошқарувининг самарадорлигидан далолат беради.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда қўй терисини қайта ишлашга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ҳамда экологик тоза ишлаб чиқариш тизимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Alliance Plus Co. Ўзбекистоннинг хомашё салоҳияти ва чарм маҳсулотларига бўлган ўсиб бораётган талабини инобатга олган ҳолда, ҳамкорликка катта қизиқиш билдирди.
Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи навбатдаги амалий қадам бўлди.