Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда давлат назорати такомиллаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди
Мазкур Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги ва “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига, шунингдек уларнинг улгуржи савдосига доир талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатидаги ваколатларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, шунингдек алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосига доир фаолиятга берилган лицензия учун йиллик давлат божини тўлаш муддати белгиланмоқда.
Бунда навбатдаги йиллик тўлов лицензиядан фойдаланишнинг кейинги йили бошланишидан камида 30 кун олдин тўланади, кейинги тўлов белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилади.
Шунингдек “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунга пиво ва пиво ичимликларининг улгуржи савдосига доир, шунингдек тамаки маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдосига доир фаолият ваколатли давлат органига бундай фаолият бошланиши тўғрисида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилиши мумкин эканлигини назарда тутувчи норма киритилмоқда.