Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 30/04/2021 Акмал Саидов ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи билан учрашди
Акмал Саидов ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи билан учрашди

29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи билан учрашди.

А.Саидов мўътабар меҳмонни қутлар экан, унга мамлакат парламенти қуйи палатасининг асосий фаолият йўналишлари, хусусан, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бўйича қўмита ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси фаолияти ҳақида маълумот берди.

Парламент фаолияти билан танишиш асносида, М.Мекаччи Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилганини ва унинг фаолиятини юқори баҳолади.  Меҳмон Ўзбекистон парламентининг мамлакатдаги шиддатли ислоҳотлар жараёнларига кенг кўламда ва фаол иштирок этаётганини мамнуният билан эътироф этди.

Учрашувда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан имзоланган англашув меморандумлари доирасида ўзаро конструктив шерикликни ривожлантиришнинг истиқболдаги долзарб масалалари муҳокама қилинди.

М.Мекаччи ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги юксак даражасини маъқуллар экан, инсон ҳуқуқлари ва жамиятни демократлаштиришга тааллуқли қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказишда кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлади.

Маълумки, ДИИҲБ тавсияларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилди. Шу муносабат билан М.Мекаччи Ўзбекистонда кейинги даврда эришилган сайлов тартиб-таомилларини ривожлантириш ва модернизация қилиш даражасига юқори баҳо берди.

ЕХҲТ ДИИҲБ директори Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва амалиётини бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштириш бўйича конструктив ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.

М.Мекаччи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, мамлакатнинг БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ҳамда БМТ Қийноқларга қарши конвенциясига Факультатив протоколни ратификация қилишида кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди. Бунда соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида тренинг ва семинарлар ўтказиш борасида ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқ эканига эътибор қаратилди.

Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. М.Мекаччи Ўзбекистон томонига Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб глобал форум ва Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказишда кўмаклашишга шайлигини билдирди.

Мулоқот якунида мўътабар меҳмонга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда нашрга тайёрлаган ва чоп эттирган янги китоблар тақдим этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг