AKFA Университети талабалари мамлакатимизда илк бор ташкил этилган талаба-волонтёрлар форумида иштирок этдилар. Тадбир давомида улар кўнгиллилар сифатида иштирок этаётган лойиҳалар ҳақида ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларини тақдимот қилдилар.
Талаба-волонтёрлар форуми Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан 30 ноябрь куни Ёшлар ижод саройида ташкил этилди. Унда Самарқанд, Бухоро ва Андижон вилоятидаги тиббиёт таълим муассасалари талабалари ҳам иштирок этишди.
AKFA Университети талабалар уюшмаси президенти Шаҳина Отажонова форумда спикер сифатида иштирок этди. У ўз нутқида AKFA Университети талабаларининг волонтёрлик фаолиятидаги иштироки, халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро тиббиёт ўқув юртлари талабалари ассоциациялари федерацияси (International Federation of Medical Students Associations, IFMSA) ва БМТ ҳамда Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари ассоциацияси (UzMSA Phenomenon)нинг ҳамкорлик алоқалари тўғрисида сўзлаб берди.
AKFA Университети талабаларининг стендида меҳмонлар олий таълим муассасаси фаолияти тўғрисида маълумот олиш билан бирга, талабалар ташкил этган маҳорат дарсларида ҳам иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар.
Дастлабки маҳорат дарсида иштирокчилар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича билим олиш имкониятига эга бўлдилар. Маҳорат дарсида махсус тренажёрдан фойдаланилди.
Иккинчи маҳорат дарсида талабалар ўқиш жараёнида AKFA Университети лабораториясида қандай тажрибалар ўтказишларини кўрсатиб бердилар. Тажрибаларни ўтказишда махсус ускуналардан фойдаланилди. Жумладан, талабалар глюкозадан кўзгу ясашни кўрсатиб бердилар.
Шуни таъкидлаш керакки, AKFA Университети талаблари волонтёрлик ҳаракатида фаол иштирок этиб келмоқдалар. Мисол учун, коронавирус пандемияси даврида AKFA Medline клиникасида волонтёр сифатида фаолият юритдилар ҳамда шифокорларга касалларни даволашда ёрдам бердилар.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов AKFA Университети талабалари стендига ташриф буюрди. AKFA Университети талабалар уюшмаси президенти Шаҳина Отажонова унга университет ва талабаларнинг волонтёр сифатида фаолияти тўғрисида сўзлаб берди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Ҳужжат мамлакатимизда волонтёрлик мақомини расмий равишда белгилаб берди.
Қонунга кўра, волонтёрлик фаолиятининг мақсадлари жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини-ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиришдан иборатдир.