Aioi Nissay Dowa Insurance компанияси президенти Кеисуке Нииро билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазирлиги делегациясининг Японияга расмий ташрифи доирасида Токио шаҳрида Aioi Nissay Dowa Insurance компанияси президенти Кеисуке Нииро билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда эришган ютуқлари, жумладан, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, электрон ҳукумат хизматларини кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги натижалари ҳақида сўз юритилди. Мамлакатнинг келажакдаги ривожланиш йўналишлари ва мавжуд имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Компания томонидан “Driving a Data-Driven Future for Uzbekistan” лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу ташаббус “Creating Shared Value” (умумий қадрият яратиш) ва “Digital Transformation” (рақамли трансформация) концепциялари асосида шаклланган бўлиб, маълумотларга асосланган шаҳарсозлик орқали барқарор ва илғор шаҳар муҳитини яратишга қаратилган.
Лойиҳа доирасида автомобилларга махсус телематик ускуналар ўрнатилиб, йўл-транспорт ҳодисалари юз берганида уч хил маълумот — суғурта компаниялари томонидан берилган зарар маълумотлари, автомашиналардан олинган телематик маълумотлар ва JICA каби ҳамкор ташкилотлардан келиб тушган воқеа жойи маълумотлари — йиғилади. Бу маълумотлар Aioi Nissay Dowa Insurance компанияси томонидан таҳлил қилиниб, шаҳарларни хавфсиз, ақлий ва иқтисодий фаол муҳитга айлантириш мақсадида фойдаланилади.
Йиғилиш давомида лойиҳа самарадорлигини ошириш мақсадида «Ўзбектелеком» АЖ билан ҳамкорлик қилиш таклиф қилинди. Шунингдек, ҳукумат агентликлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш мақсадида, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказидан лойиҳага масъул раҳбар тайинланиши белгилаб олинди.