Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи билан танишиш мақсадида 24 октябрь куни Қашқадарё вилоятига келди.
Давлатимиз раҳбари бутун фаолияти давомида ҳар бир соҳа бўйича бевосита жойларга чиқиб, халқ билан мулоқот қилиб, аҳоли ҳаётидан келиб чиқиб иш юритади. Мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлардан асосий мақсад — қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш, туманларни саноатлаштириш, иш ўринларини кўпайтириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш.
Бу жиҳатлар Қашқадарё вилоятига ташрифда ҳам намоён. Давлатимиз раҳбари дастлаб “Sulton Tex Group” кластерининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.
Бу корхона умумий қиймати 8 миллион 200 минг долларлик лойиҳа эвазига ўтган йили ишга тушган. Замонавий технология ва ускуналар самарасида йилига 5 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш қуввати яратилган.
Эътиборлиси, кластер “янги маҳсулот — янги давлат” принципи асосида экспортни йўлга қўйган. Бугунги кунда сифатли товарлар Америка Қўшма Штатлари, Канада, Польша, Сингапур, Россия каби мамлакатларга тўлиқ экспорт қилинмоқда. Даромад, иш унумдорлиги ҳам шунга яраша юқори. Кластерда пахта етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжирида 3 мингга яқин аҳоли меҳнат қилмоқда.
Президент корхонадаги иш жараёни билан танишди. Бундай лойиҳаларнинг вилоят иқтисодиёти ва аҳоли бандлигидаги аҳамияти ҳақида фикр билдирилди. Мутасаддиларга бу соҳада имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди.
— Аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги одамларга муносиб турмуш шароитлари яратиш ислоҳотларимизнинг асоси бўлиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, Қашқадарё вилоятида юртимиздаги энг кўп пахта етиштирилади. Лекин уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириш ҳажми кам. Масалан, мато тўқиш ва бўяш йўлга қўйилса, туманларда қўшимча 60 минг кишини банд қилиш мумкин.
Шу мақсадда “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастури “Султон стайлз” корхонасида ҳам татбиқ этилмоқда. Амалий мономарказ ташкил этилиб, ишсиз аҳолини тўқимачилик касбига ўргатиш йўлга қўйилмоқда. Бу жараён икки босқичли бўлиб, аввал хотин-қизларга корхонадаги технология ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш, меҳнат хавфсизлиги қоидалари ўргатилади. Кейинги босқичда улар мураббийларга бириктирилиб, бевосита иш ўринларида амалий билим ва кўникмаларни эгаллайди.
Шу ерда давлатимиз раҳбарига Шаҳрисабз, Китоб ва Қамаши туманларида туризмни ривожлантириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Қишлоқларда инфратузилмани яхшилаб, сайёҳлик йўналишларига киритиб, аҳоли учун даромад манбаларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.