Хусусан, 14-15 март кунлари Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Деҳқонобод, Чироқчи туманлари ҳамда Қарши шаҳрида, 18 март Тошкент шаҳрида, 19 ва 22 март кунлари Тошкент вилоятининг Бўка ва Бўстонлиқ туманларида ана шундай очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад фуқароларимиз томонидан ўртага қўйилаётган муаммоларни жойида кўриб чиқиш ва қонунда белгиланган тартибда ҳал этишдан иборат бўлди.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари қатнашган мулоқотларда асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналарига шикоят ва аризалар билан мурожаат этган 3 минг нафардан зиёд фуқаролар иштирок этиб, улар ўзларини қийнаб келаётган турли муаммо ва масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига бевосита мурожаат этиш имконига эга бўлди.
Тадбирлар давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан халқ билан мулоқот қилиш ва аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш борасида қўйилаётган талаблар юзасидан тушунчалар берилиб, барча даражадаги раҳбарлар халқ ташвиши билан яшаши лозимлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш улар фаолиятининг асосий мезони бўлиши кераклиги, улар фуқаролар билан яқиндан мулоқот қилиб, уларнинг юрагига, кўнглига кириб бориб, кўтарилаётган масалани чуқур ўрганиб, қонун доирасида қисқа муддатда ҳал қилиши кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Сайёр қабуллар давомида аҳолидан уй-жой, ер масалалари, намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлардан олиш, суд-ҳуқуқ масалалари, кредит, бандлик, коммунал хизматлар, тадбиркорлик, моддий ёрдам, бепул ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича энг кўп марожаатлар тушди.
Тадбирларда мурожаатларнинг аксарият қисми шу жойнинг ўзида ўз ечимини топди, қолганлари бўйича туман, шаҳар ва вилоят мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.