Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги агроозиқ-овқат маҳсулотлари (ТИФ ТН 01-24) савдосини таҳлил қилди.
2022-йилда икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар айланмаси 25,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу эса 2018-йилдагига нисбатан қарийб 2,2 баробар кўп.
Италия Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг 27 мамлакати орасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортида 11-ўринни, импортида эса 8-ўринни эгаллайди.
Италия бизнесининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши муттасил ортиб бормоқда. 2020-йилда Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва саноат йўли билан қайта ишлаш ҳамда экспорт қилиш бўйича «BMB Trade Group» (Ўзбекистон) ва «FIN.OPERA s.r.l.» (Италия) компаниялари ўртасида имзоланган меморандум доирасида заъфарон маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва уни экспорт қилиш бўйича қўшма корхона ташкил этилди. 2021-йилнинг июль ойида Италияга Ўзбекистон экспортчилари учун янги бўлган 15 миллион евролик заъфарон товарининг биринчи партияси жўнатилди.
2022-йилда Италиядан (Брешиа шаҳри) Ўзбекистонга 16 миллион дона заъфарон пиёзбошлари келтирилди. Ҳозирги вақтда плантация 305 гектардан ортиқ майдонни эгаллайди ва 40,4 миллион еврогача инвестиция киритилган. 400 та доимий ва 4 мингдан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратилди.
Халқаро савдо маркази (ITC) ҳисоб-китобларига кўра, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги даражасида Ўзбекистондан Италияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида фойдаланилмаган имкиниятлар 5,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Айни чоғда икки мамлакат расмий доиралари савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун фойдаланилмаётган ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги йўналишидаги алоқаларга ҳам янги бир туртки беради.