Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2011 йилдан бошлаб ҳозиргача юртимизда 2 та юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоезди йўловчиларга хизмат қилиб келаётган эди. Янги “Афросиёб” электропоезди олдингиларига қараганда кўпроқ имкониятга эга. Хусусан, шу вақтга қадар харакатланаётган юқори тезликдаги электропоэздлар 215 нафар йўловчига мўлжалланган бўлса, янги поэздда бемалол 287 нафар йўловчига хизмат кўрсатилади. Унда эконом тоифали вагонлар сони 2 тага кўп. Бу бир вақтнинг ўзида яна қўшимча 72 нафар йўловчини ўз манзилига етказиш имкони демакдир.
Рақамларга мурожат қиладиган бўлсак, Марказий Осийода биринчи бўлиб мамлакатимизда йўлга қўйилган “Афросиёб–1” ва “Афросиёб–2” юқори тезликда харакатланувчи электропоездларининг ҳар бири бугунги кунгача 1 миллион километрдан ошиқ масофани босиб ўтди. Бу вақт оралиғида 5 ярим мингга яқин тижорат қатнови амалга оширилиб, 1 млн 50 минг нафарга яқин йўловчи ўз манзилига етказилди.
Яқин кунларда мамлакатимизга яна битта ана шундай замонавий электропоэзд олиб келинади. Бу билан юртимизда юқори тезликда ҳаракатланувчи поэздлар сони 4 тага етади. Бундай замонавий электропоездлар учун “Ўзтемирйўлмаштаъмир” шўъба корхонаси ҳудудида хизмат кўрсатиш цехи қурилмоқда.
Бугун эрта тонгда Тошкент марказий вокзалида Ўзбекистон темир йўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ушбу замонавий “Афросиёб” электро поездида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимларга, жумладан, машинист ва стюард ҳамда стюарддессаларга Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан қимматбаҳо совғалар топширилди.