Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 10/06/2024 «Адвокатура соҳасида амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар, жорий этилган янгиликлар ва келажакдаги режалар»
«Адвокатура соҳасида амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар, жорий этилган янгиликлар ва келажакдаги режалар»

Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Ўзбекистонда адвокатура соҳасида амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар, жорий этилган янгиликлар ва келажакдаги режалар» мавзусида Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси маъсуллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси ҳамкорликда сўнгги йилларда соҳани ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг натижаси, адвокатурани рақамлаштириш борасида амалга оширилган 
чора-тадбирлар, «Юридик ёрдам» ахборот тизимининг имкониятлари, адвокатлар томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида вазирлик ва Адвокатлар палатаси маъсуллари маълумот бериб ўтди.

Хусусан, аҳолининг юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун адвокатлар сонини кўпайтириш мақсадида, адвокатурага киришдаги айрим қуйидаги тўсиқлар олиб ташланди:

- адвокат мақомини олиш учун икки йиллик юридик стаж талаб этилиши бекор қилинди;

- адвокат мақомини олиш учун стажировка ўташ талаблари енгиллаштирилди, бунда ортиқча ҳужжатлар талаб этилиши, стажировка даврида реферат ва ортиқча ҳисоботлар топшириш талаблари чиқариб ташланди;

- ўриндошлик асосида ҳам адвокат стажёри бўлиб ишлашга рухсат берилди;

- талабгорларга адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонига ҳужжат топширишнинг электрон тартиби йўлга қўйилди, талабгорга имтиҳон ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар электрон шаклда унинг шахсий кабинетига юборилиши йўлга қўйилди;

- адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш «Лицензия» ахборот тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди, бунда лицензия бериш жараёнида инсон омили мавжуд эмас, агар талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ва давлат божи тўловлари амалга оширган бўлса, Тизим автоматик тарзда лицензия беради;

- адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш «ягона дарча» тамойили асосида фақат электрон тарзда амалга ошириладиган бўлди;

- адвокатлик гувоҳномаси QR-код қўйилган, махсус ҳимоя қатламига эга ID-карта шаклида берилиши белгиланди ва адвокатларнинг гувоҳномалари янги намунадаги гувоҳномаларга алмаштирилди.

Шу билан бирга, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан, давлат ҳисобидан юридик ёрдам жиноят ишлари билан бир қаторда, фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ҳам кўрсатилиши белгиланди.

Шу жумладан, тадбирда маъсуллар бир неча кун аввал қабул қилинган Адвокат стажёри ва ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган янгиликлар, адвокатурага кириш енгиллаштирилганлиги, стажировка ўташдаги бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилганлиги ҳақида гапирди ва соҳани ривожлантириш учун келгусида режалаштирилган ишлар мазмуни ҳам тушунтирилди.

Тадбир давомида ОАВ ходимлари, блоггерлар, адвокатлар ва адвокат бўлиш истагидаги шахслар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг