Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 17/10/2016 “Адолат” социал-демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтди
“Адолат” социал-демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 15-октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг VIII қурултойи бўлиб ўтди.

Қурултойда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди ва унинг сайловолди дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 4-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови эълон қилинди.

“Адолат” СДП ҳам мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизга янада тўкис, фаровон турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилган сиёсий куч сифатида ушбу сайловда муносиб иштирок этишга киришди.

Қурултойда жорий йил 17-сентябрь куни бўлиб ўтган “Адолат” СДП Сиёсий кенгашининг VI пленуми қарорига мувофиқ партия Сиёсий кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Мажитович Умаровнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилиши муҳокама қилинди.

Қурултой иштирокчилари “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди Н.Умаров етарли ҳаётий тажрибага эга экани, сафдошлари орасида обрў-эътибор қозонганини инобатга олган ҳолда бўлажак сайловда иштирок этиш учун муносиб номзод эканини қайд этди.

Делегатлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24 ва 242-моддаларига мувофиқ, “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Наримон Мажитович Умаровни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг қурултой иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” СДП номзодининг сайловолди дастури билан танишди.

Ушбу масала юзасидан сўзга чиққанлар партия номзодининг сайловолди дастури партия дастурий вазифаларига тўла мос экани, унинг мазмун-моҳиятида мамлакатимизни ҳар соҳада ривожлантириш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратишдек устувор ғоя ва мақсадлар мужассамлигини таъкидлади.

Қурултойда номзоднинг сайловолди дастури маъқулланди ва сайловолди ташвиқотини олиб боришда фойдаланиш учун партиянинг марказий ва қуйи ташкилотларига тавсия этилди.

Қурултой якунида делегатлар “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни рўйхатга олишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш масаласига тўхталиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Қурултой якунлари бўйича журналистлар учун брифинг ташкил этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг