Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 18/05/2024 Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонунлар Сенат томонидан маъқулланди
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонунлар Сенат томонидан маъқулланди

Жорий йилнинг 18 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган 3 та қонун муҳокама қилинди.

Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида «Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди. 

Қонун билан «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартиришга мувофиқ баҳоловчи, назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларда ва бошқа тадбирларда фақат баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосида эксперт сифатида ҳам иштирок этишига рухсат этилмоқда. 

Бу ўз навбатида суд ва тергов органларига қўшимча қулайликлар яратишга ҳамда соҳада рақобатни таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган қўшимчаларга асосан камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасини ўтказиши мумкин бўлмоқда. 

Суд экспертининг текширишларни ўтказишда унинг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек, тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш бўйича мажбурияти назарда тутилмоқда. 

Киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартириш баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текшириш чоғида муаммоларни бартараф этишга, фуқароларнинг ортиқча харажатларини камайтиришга, шунингдек, республикамизда мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлашга доир ягона ёндашувни жорий этишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан қайд этилди.

Ялпи мажлис кун тартибига қўйилган «Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (Женева, 1999 йил 2 июль) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги қонун сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. 

Гаага битимининг Женева акти маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар учун ўз саноат намуналарини Гаага тизимига аъзо давлатларда битта талабнома топшириш орқали халқаро рўйхатдан ўтказиш имкониятини беради. Бундан ташқари, Гаага тизимидан фойдаланиш орқали тадбиркорлар ягона валютада бож тўлаш, бир тилда халқаро талабномани тўлдириш, талабномага бир вақтнинг ўзида 100 тагача саноат намунасини киритиш ва бошқа ортиқча сарф-харажатлардан ҳоли бўлиш каби қулайликларга эга бўладилар.

Гаага битимининг Женева актига 8 та баёнот билан қўшилинмоқда.

Шунингдек, Сенат ялпи мажлисида «Ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенсияга (Рим, 1961 йил 26 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги қонун муҳокамалар марказида бўлди. 

Рим конвенсияси турдош ҳуқуқлар соҳасидаги йирик халқаро шартнома бўлиб, турдош ҳуқуқларга оид қатор мажбуриятларни юклайди. Хусусан, конвенсияга аъзо бўлган давлатлар ўз ҳудудларида чет эл ижрочилари, фонограмма тайёрловчилари ҳамда эшиттириш ташкилотларига миллий режимни тақдим этишлари лозим. Шу билан бирга, ҳар бир аҳдлашувчи давлат миллий қонунчилигига мувофиқ равишда ушбу конвенсиянинг ўз ҳудудида қўлланишини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олади.

Рим конвенсиясига қўшилиш Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнларида ушбу ташкилотнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо аспектлари тўғрисидаги битими –ТРИПС қоидаларини имплементация қилиш имконини беради.

Қонунда Рим конвенсиясига 2 та қўшимча шарт билан қўшилиш назарда тутилган.

Таъкидланган қонунлар сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг