Жорий йилнинг 8 май куни Адлия вазирлигида адлия вазири Акбар Тошқулов ва БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятга қарши курашиш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда UNODC Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан адлия ва ҳуқуқ соҳасида йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.
Ҳусусан, қонунчилик ҳужжатларида коррупцияга шароит яратувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда суд-экспертлик соҳасини ҳар томонлама такомиллаштириш борасида эришилган ютуқлар таъкидланди.
А. Миттал ташкил қилинган учрашув учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Адлия вазирлигининг ўрни муҳим эканлигини таъкидлади.
Учрашув давомида, Адлия вазирлиги ва UNODC Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш мақсадида томонлар 2024-2025 йиллар учун ҳамкорлик дастурини
имзоладилар.
Мазкур хужжатда коррупцияга қарши курашиш ва активларни қайтариш тизимини мустаҳкамлаш, киберхавфсизлик ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, жиноий судлов ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича қонунчиликни ҳамда суд экспертиза соҳасида хизматларни такомиллаштириш, аҳолини ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган бир қатор тадбирларни ўтказиш назарда тутилган.