Адлия вазирлиги тизимидаги Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан республикадаги 9 758 та давлат ўрта таълим мактабларидаги кадрлар хизмати ходимларига ойлик маош тўлаш амалиёти ўрганилди.
Маълумот учун: Президентимиз қарорларига мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан республикамизнинг барча ҳудудларида Адлия вазирлиги тизимида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилган.
Ўрганиш ўтказилган мактабларда 9 787 та кадрлар хизмати ходимлари штат бирликлари мавжуд бўлиб, уларда 9 937 нафар (0,5 ставка ҳам қўшиб ҳисоблаганда) ходимлар фаолият юритмоқда. Ушбу ходимларнинг 911 нафари олий маълумотли, 9 026 нафари олий маълумотга эга бўлмаган мутахассислардир.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, олий маълумотли ходимларнинг лавозим разрядлари – 7-разряд, олий маълумотли бўлмаган ходимларнинг лавозим разрядлари – 6-разряд этиб белгиланган.
Бироқ ўрганиш давомида аксарият туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари томонидан мактаблардаги кадрлар бўлими ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари паст белгилангани аниқланди.
Хусусан, 160 та ҳолатда 2-разряд, 1 353 та ҳолатда 3-разряд, 48 та ҳолатда 4-разряд, 4 000 та ҳолатда 5-разряд, 4 160 та ҳолатда 6-разряд ва 216 та ҳолатда 7-разряд этиб белгиланган.
Қонунчиликка зид равишда паст разряд бўйича иш ҳақи тўланиш ҳолатлари юзасидан ҳудудий адлия органлари томонидан 1 832 та таъсир чоралари киритилиб, унга кўра 6 038 та ходимнинг лавозим разрядини мувофиқлаштириш сўралган.
Бундан ташқари, қонунчилик талабларига зид равишда ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари асоссиз пасайтирилиши натижасида жами 16 млрд. сўмга ойлик маошлар кам тўланган.
Ҳозирда ҳудудий адлия органлари томонидан судларга тегишли даъво аризалари киритилиб, кам ҳисобланган ойлик маошларини тўлатиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Ҳозиргача адлия бўлимлари томонидан кўрилган чоралар натижасида 3 млрд. сўм тўлаб берилди ва қолган қисмини ҳам ундириш чоралари кўрилмоқда.