Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон-Россия кун тартибидаги асосий масалалар ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, 2017 йили икки мамлакат ўртасида фаол мулоқот кузатилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4-5 апрель кунлари Россияга бўлган давлат ташрифи ва Президент Владимир Путин билан музокоралар олиб боргани муҳим воқеа бўлди.
Вазирлар олий ва бошқа даражалардаги икки томонлама келишувларни тадбиқ этиш бўйича амалий қадамларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Суҳбатда минтақавий хавфсизликка, жумладан Афғонистондаги вазиятга жиддий эътибор қаратилди. Шу нуқтайи назардан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро конференция муҳим роль ўйнаши лозимлиги қайд этилди.
Учрашувда Россия томони Тошкент конференциясининг муваффақиятли ўтишидан манфаатдор эканлигини ва унда юқори даражада иштирок этишини тасдиқлади.
Музокаралар якунида вазирлар томонидан 2018-2019-йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги Ҳамкорлик дастури имзоланди.
Шунингдек, Абдулазиз Камилов ва Сергей Лавров ОАВ вакиллари учун қисқа чиқиш қилдилар ва журналистларнинг саволларига жавоб бердилар.