Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 27/03/2017 Абдулазиз Камилов Австрия Ташқи ишлар вазирига мактуб йўллади
Абдулазиз Камилов Австрия Ташқи ишлар вазирига мактуб йўллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Австрия Республикасининг Европа ишлари, интеграция масалалари ва ташқи ишлар бўйича Федерал вазири Себастиан Куртсга мактуб йўллади. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради. Мактубда жумладан шундай дейилади.

Мен Сизни муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси ва Австрия Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан табриклашдан чин дилдан мамнунман.

Биз Австрия мамлакатимиз мустақиллигини 1992 йил 15 январь куни биринчилардан тан олганини жуда қадрлаймиз.

Ўтган давр мобайнида икки давлат ўртасида динамик ва конструктив руҳдаги алоқалар ўрнатилди. Мамлакатларимиз томонидан иқтисодиёт, инвестиция, туризм, транспорт, атроф-муҳит, барқарор ривожланиш, илм-фан, таълим ва бошқа йўналишларни қамраб олувчи салмоқли шартномавий-ҳуқуқий асос шакллантирилди.

Мен 2016 йил 8 декабрь куни Гамбург шаҳрида ЙХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши доирасида бўлиб ўтган учрашувимиз ҳамда унда шерикликни ривожлантириш истиқболларини батафсил муҳокама қилганимизни илиқлик билан йодга оламан. Фурсатдан фойдаланиб, жорий йилда ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан кенгайтиришга қаратилган аниқ мавзуларни муҳокама қилиш мақсадида Сизнинг Ўзбекистонга ташрифингизни ташкиллаштиришга тайёрлигимизни билдирмоқчиман. Учрашув давомида Сизнинг 2017 йилда ЙХҲТнинг амалдаги раиси сифатидаги фаолиятингизни инобатга олиб, Ташкилот кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиш имкониятига эга бўлар эдик.

Аминманки, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва томонлар манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Австрия кўп қиррали муносабатлари мамлакатларимиз фаровонлиги ва манфаатлари йўлида бундан-буён ҳам мустаҳкамланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг