Ҳар йили 27 январь куни бутун дунёда Холокост қурбонлари хотирланади. Бу ҳақдаги резолюция (60/7) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2005 йил 1 ноябрда қабул қилинган. Холокост қурбонлари хотираси куни рамзий маънога эга. Ушбу сана совет қўшинлари томонидан «Освенцим-Биркенау» ўлим лагеридаги асирлар озод қилинганига бағишланган бўлиб, бу воқеа 1945 йил 27 январда юз берган.
1941-1945 йилларда «Освенцим»да 1,5 миллионга яқин одам ўлдирилган ва шундан 1 миллионга яқини яҳудийлар бўлган. Турли маълумотларга қараганда, бу лагерда 1,5 миллиондан 4 миллионгача одам ўлдирилган.
Совет қўшинлари ўлим лагерини озод қилганда, у ерда 7 мингга яқин одам бўлган. «Освенцим» нацистлар ўлим лагерларининг энг каттаси бўлгани ва энг узоқ вақт фаолият кўрсатгани учун у Холокостнинг асосий рамзларидан бирига айланди.
Холокост – қадимги юнонча holocaust сўзидан олинган бўлиб, «куйдирилган», «олов билан йўқ қилинган», «қурбонлик» деган маъноларни англатади.
Холокост нацистлар Германияси ва иттифоқчиларининг 1933-1945 йилларда олти миллион яҳудийни тизимли равишда таъқиб қилиш ва оммавий қириб ташлаш сиёсатини англатади.
Холокостни юзага келтирган асосий сабаблардан бири –нацистларнинг ирқий сиёсатидир. Нацистларнинг ирқий сиёсати бир ирқ вакилларининг бошқаларидан устунлигига асосланади. Олий ирқ вакили бўлган немисларнинг вазифаси ўз соф ирқини сақлаб қолишдан иборат бўлган.
Германияда яҳудийларни таъқиб қилиш 1933 йилда, нацистлар ҳокимият тепасига келганидан сўнг дарҳол бошланган. Дастлаб нацистлар яҳудийларни ўз назорати остидаги мамлакатларга оммавий равишда мажбуран кўчиришни мақсад қилган эди.
Урушнинг тобора узоқроқ давом этиши яҳудийларни оммавий мажбурий кўчириш ғоясини имконсиз ишга айлантириб қўйган. Шунда нацистлар яҳудийларни оммавий йўқ қилишга қарор қилган. Бу вазифа билан махсус ташкил қилинган ўлим гуруҳлари, қуролли кучлар таркибидаги «айнзац гуруҳлар» шуғулланган.
Вақт ўтиши билан, оммавий қатллар «айнзац гуруҳлар» аъзолари руҳиятига салбий таъсир кўрсата бошлади. Шу сабабли бир вақтнинг ўзида 30 нафардан 100 нафаргача одамлар жойланган ҳамда углерод оксиди ва чиқинди гази юбориш орқали заҳарлаб ўлдиришга мўлжалланган «Газваген»ни (газ машинаси) қўллашга ўтилган. Кейинчалик у ўз ўрнини бир вақтнинг ўзида юзлаб одамларни йўқ қилиш имконини берадиган газ камераларига бўшатиб берди.
Ўлим лагерларида янги келганлар газ камераларига олиб борилган. Ваҳима уйғонишининг олдини олиш мақсадида лагер қўриқчилари маҳбусларга битларга қарши душ олишлари лозимлигини тушунтиришган. Қўриқчилар барча қимматбаҳо буюмларини топширишни ва ечинишларини талаб қилган. Кейин уларни яланғоч ҳолда «душ»га олиб боришган.
У ерда қувурлар орқали камерага газ («Циклон Б») юборилган. Одатда, газ камераларига киргандан кейин бир неча дақиқа ичида барча маҳбуслар кислород етишмаслигидан вафот этган. Кейин жасадлар печларда ёқиб юборилган ёки умумий қабрларга кўмилган.
Буларнинг барчаси нацистлар томонидан ваҳшийларча содир этилган геноцид жинояти эди. Улар уруш давомида 6 млн нафар яҳудийни, 19,7 млн.дан 23,9 млн нафаргача славянлар, хусусан, 1,9 млн. нафар поляк, 3 млн нафар украин, 1,5 млн нафар белорус, 1,6 млн нафар русларни (ҳарбий асирлардан ташқари), 220 мингга яқин лўли, 2 мингга яқин «Иегова шоҳидлари», 80 мингдан 220 минг нафаргача франкмасонларни ўлдириб юборган.
Бугунга келиб жаҳон ҳамжамияти олдида ёшларга бундай жиноятларнинг сабаб ва оқибатларини тушунтириш орқали ёшларда нафрат мафкурасига қарши иммунитетни шакллантиришдек масъулият турибди. Дунёнинг бир қанча минтақаларида геноцид ва оммавий ваҳшийликлар давом этаётган бир пайтда бу эзгу ишлар ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу маънода, Холокост қурбонларини хотирлаш халқаро куни –антисемитизм ва геноциднинг ҳар қандай кўринишларига қарши глобал норозилик санаси ҳисобланади. Айни вақтда бу сана нафақат тирик қолганларга ва холокост қурбонлари хотирасига ҳурмат кўрсатиш, балки бу йўлда муайян саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чорлов ҳамдир.
Бинобарин, йилдан-йилга ушбу даҳшатли воқеалар иштирокчилари тобора камайиб бормоқда. Аммо улар ҳақидаги изтиробли хотиралар кўпчиликнинг қалбида сақланиб қолган.
Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош юрисконсульти