2025-йилнинг март ойида Тошкент шаҳридаги супермаркетларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўзгариши
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2025-йилнинг март ойида Тошкент шаҳридаги йирик супермаркетларда 21 номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўзгаришини кўриб чиқди.
Мониторинг натижалари 6 номдаги маҳсулот бўйича минимал нархлар ўтган ойдагига нисбатан пасайганлигини кўрсатди*.
Шундай қилиб, картошканинг минимал нархи 19,8 фоиз, сариқ пиёзники 10,3 фоиз, қизил сабзиники 3,4 фоиз, тухумники 2,1 фоиз, бананники 0,9 фоиз, кунгабоқар ёғиники 0,6 фоиз пасайган.
7 номдаги маҳсулот бўйича минимал нархлар ошган. Айниқса, помидор нархида энг катта ўсиш қайд этилди. Бу мавсумий омил билан боғлиқ.
8 номдаги маҳсулотнинг энг паст нархлари ўзгаришсиз қолган. Булар - буғдой уни, гуруч, макарон, оқбош карам, олма, товуқ гўшти (филе), сут ва шакар.
Таҳлил 2025-й. 6-февраль ва 13-март кунлари ўтказилган мониторинг маълумотлари асосида амалга оширилди.