Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳасини маъқуллади, дея хабар берди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.
Қонун лойиҳасига кўра, келгуси йилда Ўзбекистоннинг бюджет харажатлари 345 триллион сўмни ташкил этади. Ушбу маблағнинг 178 триллион сўми ижтимоий сиёсатга, жумладан, қашшоқликни қисқартириш, бандликни таъминлаш ва эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Лойиҳа муҳокамаси давомида депутатлар 100 дан ортиқ масалани кўриб чиқиб, ўнта концептуал таклиф киритишди.
Жумладан, Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида ҳужжатли фильмлар яратиш ва ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 40 миллиард сўм ажратилади.
Шунингдек, 100 миллиард сўмни кўкаламзорлаштириш дастурига йўналтириш, 10,6 миллиард сўмни Тизимли ривожланиш институтига бериш режалаштирилмоқда.
Муҳокамалар якунида қуйи палата депутатлари қонун лойиҳасини қабул қилиб, уни кўриб чиқиш учун Сенатга юборишди.