2025 йил I чорагида рақобатни ривожлантириш қўмитаси қурилиш соҳасида истеъмолчиларга 1,9 млрд сўм қайтарилишини таъминлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига 2025 йилнинг январь-март ойларида фуқаролардан қурилиш масалаларига оид 355 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосан қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатсизлиги, кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиш ва коммунал хизматлар билан боғлиқ масалаларда берилган.
Мурожаатлар тақсимоти:
107 та мурожаат қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатсизлиги билан боғлиқ;
63 та мурожаат кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиш билан боғлиқ;
180 та мурожаат коммунал хизматлар билан боғлиқ бошқа масалаларни ташкил этган.
Шунингдек, мурожаатларнинг натижаси сифатида, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланди ва уларнинг фойдасига 1,9 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Мисол учун мурожаатларнинг бирида фуқаро А.Б. қурувчи томонидан Тошкент шаҳар Яшнобод тумани, Жарқўрғон кўчасида қурилаётган кўп квартирали уйдан хонадон сотиб олиш учун 387,0 миллион сўм тўлагани, аммо қурилиш ишлари 1 йил 3 ой ўтганига қарамай бошланмагани, фуқаро мазкур ҳолатдан норози бўлиб, шартномани бекор қилишга қарор қилиб, 2025 йил 24 февралида келишув битими тузганини билдирган. Аммо қурувчи корхона турли баҳоналар билан уйга тўланган маблағини қайтариб бермаган.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда қурувчи томонидан шартнома шартлари бажарилмагани яъни хонадон лойиҳаси ўзгаргани ва қурилиш ишлари умуман бошланмагани, шартномани бекор қилиш бўйича келишув битимига асосан уй учун тўланган пул фуқарога 2025 йилнинг 17 мартга қадар тўлиқ қайтарилмай келинаётгани маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида қурувчи томонидан фуқаро А.Б.га 387,0 миллион сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.