2025-2027 йилларда илм-фан ва инновация соҳасини рақамлаштириш, жараёнларни оптималлаштириш учун янги 14 та ахборот тизими ишлаб чиқилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан “Илмий ва инновацион фаолиятни рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида тизимни рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизда рақамлаштириш сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, илмий ва инновацион фаолиятни рақамлаштириш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Шунга кўра, Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан мувофиқлаштирилаётган соҳани рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, ўтган 5 йил давомида Агентлик тизимида илмий ва инновацион фаолиятни рақамлаштириш учун 13 та ахборот тизими жорий этилиб, ҳозирда улар орқали 90 мингдан зиёд фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Ундан ташқари иш юритиш билан боғлиқ 11 турдаги ички ҳужжатлар айланмаси тўлиқ рақамлаштирилди. Рақамли хизматлар сони 8 тага етказилди, шундан 3 таси ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП), 5 таси эса ташкилотнинг тегишли ахборот тизимлари орқали кўрсатиб келинмоқда. 2024 йилнинг ўзида Рақамли ҳукумат тизимида 39 турдаги маълумотларни узатиш йўлга қўйилди.
Рақамлаштирилганлик даражасини ошириш мақсадида,
ўтган бир йил ичида Агентлик томонидан 3 та ахборот тизими синов режимида ишга туширилди ҳамда 2 та ахборот тизими такомиллаштирилди. Хусусан, “Академик ҳаракатчанлик” дастури (https://akadem.ilmiy.uz/) платформаси, Хорижий илмий стажировкаларни ташкил этиш ягона электрон тизими (https://internship.ilmiy.uz/), Стартаплар платформалари (https://startup.ilmiy.uz/) ишга туширилди ҳамда Давлат илмий дастурларининг ягона электрон платформасида (https://loyiha.ilmiy.uz) ва Олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизимлари (https://daraja.ilmiy.uz) такомиллаштирилди.
Мазкур ахборот тизимлари ёрдамида аризаларни кўриб чиқиш анча соддалашди, инсон омили камайди, ишлаш вақти ва қоғозда чоп этиладиган ҳужжатлар ҳажми сезиларли даражада қисқарди. Барча жараёнларни онлайн кузатиш, маълумотлар таҳлили асосида қарорлар қабул қилиш имкони яратилди.
Давлат илмий дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш Агентлик мувофиқлаштирувидаги асосий йўналишлардан саналади. Сўнгги йилларда мазкур йўналишда эълон қилиб келинаётган танловларга ҳам аризалар сони кескин ошиб бормоқда. Келиб тушган аризаларни регламентда белгиланган муддатларда кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида https://loyiha.ilmiy.uz платформаси ишлаб чиқилди ва бугунги кунда унинг фойдаланувчилари сони 10 мингга яқинни ташкил этмоқда. Яратилган қулайликлар сабаб 2024 йилда танловларга келиб тушган аризалар сони 2023 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошган. Шунингдек, Давлат илмий дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш йўналишида рақамлаштириш талаб этиладиган 43 та жараёндан ҳозирги кунда 30 таси рақамлаштирилди, шундан 13 та жараён инсон омилини қисқартириш мақсадида автоматлаштирилди.
Эътиборли жиҳати, олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида аризалар сони ошиб боришига қарамай уларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришга эришилмоқда. Хусусан 2023 йилгача аризаларни кўриб чиқиш муддати аризалар келиб тушишидан молиялаштирилгунига қадар ўртача 8 ойдан 14 ойгача давом этган бўлса, 2024 йилда ушбу муддат 5 ойдан 9 ойгачани ташкил этди.
Олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштириш Агентликнинг яна бир асосий йўналишларидан саналади. Олий таълимдан кейинги таълим изланувчилари сони ҳам йилдан йилга сезилари даражада ошиб бормоқда. Хусусан тадқиқотчилар сони ўтган 5 йил ичида 7 баробарга ошиб, ҳозирда уларнинг сони қарийб 30 мингтага етди. Уларга қулайлик яратиш, вақт ва ресурс сарфини камайтириш мақсадида Олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими https://daraja.ilmiy.uz жорий этилди. Ҳозирги кунда мазкур тизимдан фойдаланувчилар сони 85 минг нафарга етди. Олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими орқали ушбу йўналишда рақамлаштирилиши талаб этиладиган 54 та жараёндан 53 таси рақамлаштирилди.
Агентликнинг бошқа йўналишлари кесимида ҳам иш ҳажми ошишига қарамай рақамлаштириш орқали илмий-инновацион фаолият субъектларига хизмат кўрсатиш муддатлари қисқартирилишига эришиб келинмоқда.
Хусусан, аризаларни кўриб чиқиш муддатлари “Академик ҳаракатчанлик” дастурида ўртача 3 ойга, Хорижий илмий стажировкаларни ташкил дастурида ўртача 2 ойга, Стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш доирасида эълон қилинган танловларда эса ўртача 2 ойга қисқаришига эришилди.
2025-2027 йилларда Илм-фан ва инновация соҳасини рақамлаштириш, жараёнларни оптималлаштириш учун янги 14 та ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва 3 та ахборот тизимини такомиллаштириш мақсад этиб белгиланган.
Мазкур Ахборот тизимларининг жорий этилиши асосида, илм-фан ва инновация соҳасининг ягона рақамли экотизими ҳамда фаолиятдаги жараёнларни тўлиқ қамраб олган мониторинг тизими яратилади.
Ахборот тизимлари сони 2027 йилда 24 тага, рақамли хизматлар 21 тага (шундан, ЯИДХП да 6 та, ахборот тизимлар орқали 15 та), фойдаланувчилар қамрови 140 минг нафарга етказилиши режалаштирилган.