Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АОКАда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида юқори кучланишли подстанцияларнинг 2024/2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари тўғрисида маълумот берилди:
2024 йил январь-декабрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 74,0 млрд киловатт•соат электр энергиясини узатиш кутилмоқда ҳамда 16,1 млн киловатт•соат миқдорида электр энергияси истеъмолини иқтисод қилиш режалаштирилган.
2024 йил якунигача барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 430,6 млн АҚШ доллари ҳисобидаги (2023 йил режасига нисбатан ўсиш суръати 262,6 фоиз) маблағ ўзлаштириш режалаштирилган.
Янги қурилиш ҳамда модернизация дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида жами 71 км электр узатиш тармоқлари қурилиб фойдаланишга топширилди.
Йил якунига қадар Инвестиция лойиҳалари доирасида жами 488 км электр узатиш тармоғи ҳамда 2186 мегавольт•ампер қўшимча қувват яратилади.
2024 йилда январь-сентябрь ойида тизим корхоналарида 30 та янги иш ўрни яратилди.
Доимий равишда электр узатиш ҳаво тармоқлари ва подстанция электр қурилмаларининг контакт бирикмалари тепловизор қурилмалари ёрдамида кўрикдан ўтказилди ва 200 тадан ортиқ аниқланган қизишлар бартараф қилиниб, фавқулодда ҳолатлар олди олинди.