Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2023-йилнинг 10 ойи (январ-октябрь) давомида Ўзбекистонда туризм соҳасида қайд этилган натижаларни таҳлил қилди.
2023-йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳлар сони 4,9 миллион нафарга етди. Шуни таъкидлаш лозимки, охирги уч йилда туристлар оқими қарийб 3 баробар кўпайди, яъни 2021-йилда хорижлик сайёҳлар сони 1,8 миллион нафарни ташкил қилганди.
Маълумот учун: 2023-йилда Ўзбекистон Американинг Travel Lemming онлайн саёҳат қўлланмасида дунёдаги 50 та энг яхши сайёҳлик йўналиши рўйхатидан жой олди ва 9-ўринни эгаллади. Ушбу қўлланма ҳар йили дунё бўйлаб янги йўналишлар ва ўзига хос ноёб масканлар ҳақида маълумот беради ва уни 6 миллиондан кўпроқ саёҳатчи ўқийди.
2023-йилнинг 10 ойи давомида туризм хизматлари экспорти 1 миллиард 830 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2018-йилда 1 миллиард 041,1 миллион долларни ташкил этганди. 2023-йилда сайёҳлар сонининг сезиларли даражада ошиши ҳисобига туризм хизматлари экспорти 2 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Маълумот учун: Дунёдаги 91 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга келиш учун визасиз тартибдан фойдаланиши мумкин. Таққослайдиган бўлсак, Қозоғистонга 26 та, Туркияга 41 та, Грузияга эса 56 та мамлакат фуқаролари визасиз кела олади.
Қайд этилаётган натижалар соҳанинг салоҳияти катта эканлигидан далолат беради. Шу боис соҳада инфратузилма объектларини янада кўпайтириш ва ички туризм имкониятларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистонда ички туризмнинг ривожланишини баҳолаш мақсадида МҲТИ мутахассислари томонидан онлайн сўров ўтказилди ва унда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 1282 нафар респондент иштирок этди. Сўров натижалари мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган саёҳатларнинг деярли 50 фоизи 4 та ҳудуд, яъни Самарқанд (15,8 фоиз), Бухоро (9,4 фоиз), Тошкент (10,6 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (11,4 фоиз) нинг ҳиссасига тўғри келишини кўрсатди.
Шунингдек, саёҳатни қайси кўринишда амалга оширасиз, деган саволга респондентларнинг 81,2 фоизи «мустақил равишда», 15,5 фоизи «иш жойидан уюштирилган ҳолда», 2,4 фоизи «туроператорлар ёрдамида», дея жавоб берган. Сўров ҳамюртларимиз саёҳатга асосан шахсий автомобили (56,8 фоиз) ва поезд (17,3 фоиз) да чиқишини кўрсатди.
МҲТИ мутахассислари томонидан ўтказилган сўров натижаларидан келиб чиқиб, ички туризмни янада ривожлантириш учун қуйидаги таклифларни билдириш мумкин:
- «Туристик маҳалла», «Туристик ҳудуд» мақомига эга аҳоли пунктларининг реестрини шакллантириш ва электрон платформани ишлаб чиқиш;
- асосий туристик салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ҳудуднинг ўз брендини шакллантириш.
Маълумот учун: Республиканинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш ва туристлар оқимини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 28 та хорижий давлатдаги дипломатик ваколатхоналарига маблағ ажратилди, шунингдек,
жорий йилнинг 10 ойи давомида 16 та халқаро туристик ярмаркада миллий туризм стенди ва тадбиркорлик субъектлари иштироки таъминланди.