Валюта курслари 19/09/2024
$1 – 12739.95
UZS – 0.06%
€1 – 14191.03
UZS – 0.07%
₽1 – 139.14
UZS – -0.17%
Қидириш
Молия 07/02/2024 2023 йилда тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилган транзакциялар 603,8 трлн. сўмни ташкил этди
2023 йилда тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилган транзакциялар 603,8 трлн. сўмни ташкил этди

2023 йилда Тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилган транзакциялар сони 2022 йилга нисбатан 78 фоизга ва ҳажми 35 фоизга ошиб, мос равишда 31,4 млн. тани ва 603,8 трлн. сўмни ташкил этди. Бунда Молия вазирлиги Ғазначилигига ўтказилган бюджет тўловлари ҳажми 2022 йилга нисбатан қарийб 3 баробарга ўсган ҳолда 64,2 трлн. сўмдан ошди.

Тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилаётган тўловлар кўламининг ортиб бориши натижасида 2023 йил якунига келиб хўжалик юритувчи субъектлар жами тўлов топшириқномаларининг 91 фоизи банкка ташриф буюрмаган ҳолда масофадан туриб амалга оширилган.

Маълумот учун: бугунги кунда Тезкор тўловлар тизими орқали юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасида банклараро тўловларни, шунингдек, Ғазначиликдан бюджет харажатларини тун-у кун 24/7 режимида амалга ошириш имконияти мавжуд.

Ҳисоб-китоблар клиринг тизими. 2023 йилда Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 78,0 трлн. сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошди.

2023 йил давомида Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали амалга оширилган тўловларнинг 49,6 фоизи UzAuto Motors, 13,3 фоизи Ғазначилик, 5,8 фоизи жисмоний шахслардан ундирилган солиқлар ва йиғимлар, 5,7 фоизи Мажбурий ижро бюроси учун амалга оширилган.

2023 йил давомида Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали амалга оширилган 102 млн.дан зиёд транзакцияларнинг 16,6 фоизи жисмоний шахслардан ундирилган солиқлар ва йиғимлар, 16,1 фоизи Адлия вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, 13,1 фоизи Ғазначилик, 11,2 фоизи Давлат хизматлари маркази ва 10,9 фоизи Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилган жарималар учун амалга оширилган тўловлар ҳиссасига тўғри келади.

«Uzcard» ва «Humo» чакана тўлов тизимлари. 2023 йил давомида миллий тўлов тизимлари бўлган «Uzcard» ва «Humo» тизимларида амалга оширилган картадан картага пул (P2P) ўтказмалари 224,3 трлн. сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 80,8 млрд. сўмга ёки 56 фоизга кўпдир.

Бунда 2023 йилдаги P2P тўловларининг 65,7 фоизи «Uzcard» ва 34,3 фоизи «Humo» тўлов тизими ҳиссасига тўғри келиб, 2022 йилда эса тўлов тизимларининг улуши мос равишда 68,3 фоиз ва 31,7 фоиз бўлган.

«QR-online» ахборот тизими. Банк картаси ва тўлов терминалидан бевосита фойдаланмаган ҳолда банк картасидаги маблағлар ҳисобидан товар ва хизматлар учун мобил иловалар ёрдамида QR-код орқали тезкор тўловларни амалга ошириш мақсадида ишга туширилган «QR-online» тизими оммалашиб бормоқда.

2023 йилда «QR-online» ахборот тизими томонидан тадбиркорлик субъектларига тақдим қилинган QR-кодлар сони 2022 йилга нисбатан 3 мингтага ортиб, 100,7 минг донага етди ва транзакциялар суммаси қарийб 2,5 баробарга ортиб, 137 млрд. сўмдан 337 млрд. сўмга ошди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг