Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 06/01/2024 2023-йилда жаҳон озиқ-овқат бозорида нархлар қанчалик ўзгарди?
2023-йилда жаҳон озиқ-овқат бозорида нархлар қанчалик ўзгарди?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2023-йилда жаҳон озиқ-овқат бозорларидаги нархлар ўзгаришини таҳлил қилди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти - ФАО маълумотларига асосан, 2023-йил якунлари бўйича ФАО озиқ-овқат нархлари индексларининг* умумий қиймати 124,0 пунктни ташкил этган. Бу 2022-йилдаги ўртача кўрсаткичдан 19,7 пункт ёки 13,7 фоизга паст.

Дон экинларининг ўртача йиллик нархи ўтган йил охирида, 2022-йилдаги рекорд даражадаги ўртача йиллик кўрсаткичдан 15,4 фоиз паст бўлди: бу пасайиш халқаро бозорларда таклиф етарли даражада сақланиб қолгани билан изоҳланади.

Ўсимлик мойи нархи 2022-йилдагига нисбатан 32,7 фоиз паст бўлди. Бу охирги 3 йил ичидаги энг паст кўрсаткич.

Жаҳон бозорида сут маҳсулотларининг ўртача йиллик нархи 2022-йилдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 16,6 фоиз пасайди: бу тенденция импорт қилувчи мамлакатларда сезиларли захиралар мавжудлиги шароитида импорт талабининг сустлиги билан боғлиқ.

Гўштнинг жаҳон бозоридаги ўртача нархи 2022-йилдагига нисбатан 3,5 фоиз паст бўлди: бу тенденция гўшт импорт қилувчи асосий мамлакатлардан глобал талабнинг сустлиги шароитида етакчи экспорт қилувчи ҳудудларда экспорт имкониятларининг ошиши билан боғлиқ.

Жаҳон бозорида шакарнинг ўртача йиллик нархи 2022-йилдагига нисбатан 26,7 фоиз ошди ва 2011-йилдан буён энг юқори даражага етди. Бу биринчи навбатда жаҳон шакар бозорида талаб ва таклиф мувозанатининг барқарорлигига оид хавотирлар билан боғлиқ.

Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2023-йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошишини 9,7 фоиз (беш йил давомидаги минимал кўрсаткич) даражасида ушлаб туришга муваффақ бўлинди. Бу айрим озиқ-овқат маҳсулотлари учун божхона тўловларини нолга тенглаштириш каби чора-тадбирлар натижасидир. 

* ФАО озиқ-овқат нархлари индекси қуйидаги маҳсулот гуруҳлари учун 5 та нарх субиндексини ўз ичига олади: дон, ўсимлик мойи, сут маҳсулотлари, гўшт, шакар. Ўлчов сифатида 2014-2016 йиллар учун ўртача қийматлар қўлланилади.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг