Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистонда листланган шиша ишлаб чиқаришнинг ривожланиш суръатини ўрганди.
Листланган шиша қурилиш индустрияси, уй-жой коммунал хўжалиги, мебелсозлик ва бошқа тармоқларни ривожлантиришга қаратилган дастурлари амалга оширишдаги асосий омиллардан биридир.
Кальцийланган сода, кварц қуми, дала шпати, оҳактош ва доломит шиша ишлаб чиқариш учун асосий хом ашё бўлиб, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида мавжуд.
Юқори талаб ва бозорни ривожлантириш имкониятининг катталиги, мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратган давлат сиёсатининг рағбатлантирувчи чоралари қатор инвесторларнинг эътиборини шиша саноатига қаратди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шиша саноатини ривожлантиришда ҳақиқий силжиш рўй берди: Жиззах, Навоий ва Фарғона вилоятларида инновацион, энергия тежовчи флоат технологияси асосида турли қалинликдаги меъморий, қурилиш ва нақшли шишаларнинг йирик форматли, термик сайқалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар ташкил этилди.
Маълумот учун: флоат-шиша (термик сайқалланган) эритилган шиша массасини эриган қалайнинг ҳаракатсиз қатлами устига қуйиш орқали олинади. Шиша массаси зичлигининг камлиги боис юқори қатламни ҳосил қилади, шиша ва қалай туташган жойда силлиқ юза пайдо бўлади. У барқарор қалинлик ва хона ичида табиий ёруғликни таъминлайди.
2022-йилда Ўзбекистонда 35,4 миллион квадрат метр шиша (2 мм ҳисобда) ишлаб чиқарилган. 2018-2022 йилларда қурилиш-монтаж ишлари ҳажми 62,4 фоизга, шиша ишлаб чиқариш ҳажми эса 112,8 фоизга ошган. Бу эса бозор иқтисодиётнинг турли тармоқларида талаб юқори бўлган маҳсулот билан тўлдирилаётганидан далолат беради.
Эришилган натижа 2022-йилда шиша экспортини 2018-йилдагига қараганда 6,5 баробар ошириш, импортни эса 51,6 фоизга қисқартириш имконини берди.
Янги ташкил этилаётган турли қалинликдаги кенг форматли листланган шиша ишлаб чиқариш қувватлари ҳудудларда шиша ва унга алоқадор тармоқларни янада самарали ривожлантириш, сифатли маҳсулот экспортини ошириш ва импортни қисқартириш учун шароит яратмоқда.