Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 01/03/2018 2019 йилдан ўз узумзор плантацияларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган табиий узум винолари учун лицензиялаш бекор қилинади
2019 йилдан ўз узумзор плантацияларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган табиий узум винолари учун лицензиялаш бекор қилинади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Ўтган давр мобайнида хом ашё базасини яратиш ва ривожлантириш, сифатли ва рақобатбардош виночилик ва алкоголли маҳсулотларни (кейинги ўринларда алкоголли маҳсулотлар деб юритилади) реализация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириб бориш, шунингдек, ушбу соҳага чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, тизимга оид бир қатор муаммолар ва камчиликлар соҳага алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотишнинг илғор технологияларини жорий этиш, экспорт салоҳиятининг барқарор ўсишини таъминлаш, соҳани бошқаришнинг самарали тизимини яратиш имконини бермаяпти, шу жумладан:

биринчидан, узумнинг техник навлари майдонларининг кескин қисқариб кетиши, уларни етиштириш бўйича илғор усулларнинг суст жорий этилиши, узумзорлар ҳосилдорлигининг пастлиги, шунингдек, фермер хўжаликларининг етарлича манфаатдор бўлмаслиги виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари пасайиб кетиши ва қайта ишлаш қувватларидан самарасиз фойдаланишнинг тизимли сабабига айланди;

иккинчидан, озиқ-овқат этил спирти, пиво пишириш, ликёр-ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни янгилаш ва техник жиҳатдан қайта қуроллантириш бўйича қўлланаётган технологик сиёсат самарадорлигининг паст эканлиги, уларга мавжуд муаммоларни самарали ҳал этиш, шунингдек, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилишда кўмаклашиш имконини бермаяпти;

учинчидан, алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини истиқболли бошқаришнинг режали методи ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқариш ҳажмини сотиш бозоридаги ишларнинг амалдаги ҳолатини ҳисобга олиб мустақил белгилаш, шунингдек, экспорт улушини ошириш ва миллий брендни хорижий бозорларга илгари суриш имконини бермаяпти;

тўртинчидан, алкоголли маҳсулотларни автоматлаштирилган назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимлари татбиқ этилишининг паст даражадалиги сифатсиз ва сертификатлаштирилмаган алкоголли маҳсулотлар айланмаси учун шарт-шароитлар яратмоқда;

бешинчидан, “Ўзвиносаноат-холдинг” АЖ таркибида соҳага оид бўлмаган корхона ва ташкилотларнинг мавжудлиги ортиқча молиявий харажатларга, шунингдек, уларнинг соҳадаги фаолияти самарадорлигининг камайишига олиб келмоқда;

олтинчидан, халқаро ҳамкорликнинг етарлича даражада бўлмаганлиги ишлаб чиқариш циклини такомиллаштириш учун малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш, алкоголли маҳсулотларнинг маркетинг сиёсатини ва уларни брендлаштиришни кучайтириш, янги сотиш бозорларига олиб чиқиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тубдан такомиллаштириш, соҳани бошқаришнинг илғор технологияларини жорий этиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ:

1. “Ўзвиносаноат-холдинг” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги ва Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

“Ўзвиносаноат-холдинг” АЖ ва унинг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини тегишлича “Ўзшаробсаноат” АЖ ва “Ўзшаробсаноат” АЖнинг Ривожлантириш жамғармаси деб қайта номлаш;

“Винагроимпекс” МЧЖни ўрнатилган тартибда тугатиш;

соҳага оид бўлмаган корхоналарни “Ўзшаробсаноат” АЖ таркибидан 1-иловага мувофиқ чиқариш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

2018 йилнинг 1 апрелидан виночилик маҳсулотлари учун яроқлилик муддатини белгилаш тўғрисидаги талаб истисно этилади ва бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга уларни сақлаш муддатини мустақил белгилаш ҳуқуқи тақдим этилади;

2018 йилнинг 1 июлидан алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўз виночилик маҳсулотларини туристик йўналишларида ташкил этилган заводга тегишли дегустация ҳудудларида (жойларида) чакана реализация қилиш ҳуқуқи берилади;

2019 йилнинг 1 январидан табиий винолар, виноматериаллар ва коньяк спиртини ишлаб чиқариш, шунингдек, узумни қайта ишлаш бўйича фаолиятни узумнинг мева берувчи техник навларини етиштириш бўйича 100 гектардан кам бўлмаган плантация майдонига, шунингдек, вино-коньяк маҳсулотларининг сақланиши ва етилиши учун эман бочкаларига эга корхоналар, қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларга риоя қилган ҳолда, амалга оширишлари мумкин;

2019 йилнинг 1 январидан ўз узумзор плантацияларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган табиий узум виноларини қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тоифасига киритган ҳолда, ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни лицензиялаш бекор қилинади;

“Ўзшаробсаноат” АЖ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси таркибига киради;

узумнинг техник навларини етиштириш учун ер майдонларини ажратиш “Ўзшаробсаноат” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда юқори ҳосил олиш учун зарур бўлган тупроқнинг унумдорлиги, сув билан таъминлаш манбаларининг мавжудлигини ҳисобга олиб амалга оширилади.

3. Узумнинг техник навларини етиштириш бўйича мавжуд узумзорлар инвентаризациясини ўтказиш ва виночилик соҳасини янада ривожлантириш бўйича таклифларни тайёрлаш бўйича Махсус комиссия (кейинги ўринларда – Махсус комиссия) 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

4. Махсус комиссия (С.Р.Холмуродов):

а) узумнинг техник навлари етиштириладиган, шу жумладан фермер хўжаликлари эгалигидаги узумзорларни жойига чиқиб вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) кесимида инвентаризация қилсин, улардан фойдаланишнинг оқилоналиги ва самарадорлик даражасини ўргансин;

б) инвентаризация якунлари бўйича 2018 йилнинг 1 июлигача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Республикада виночилик соҳасини янада ривожлантиришнинг 2018-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори лойиҳасини киритсин, бунда:

узумнинг машҳур ва истиқболли навларини етиштириш, кўпайтириш, қайта ишлаш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш, виночилик соҳасида агротехник, карантин ва инновацион технологияларни ишлатиш;

хорижда виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кенг қўлланиладиган бозор механизмларини, шу жумладан ишлаб чиқарувчи ва қайта ишловчи ўртасидаги кооперацияни, кластер моделини, уларни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини белгилаган ҳолда жорий этиш;

республикада узумнинг жаҳон бозорида катта талабга эга генетик жиҳатдан янги, машҳур ва истиқболли навларини, шу жумладан микроклонлаш услуби, шунингдек, узумнинг in vitro генофонди коллекцияларини яратиш йўли билан етиштириш;

агротехника ва карантин тадбирларини ўтказиш учун харажатларни камайтириш, ҳосилдорликни ошириш, шунингдек, 3-иловада кўрсатилган ер майдонларидан узумни қайта ишлаш инфратузилмасини устувор ривожлантириш мақсадида узумнинг техник навлари экилган ҳар бир плантация майдонини камида 100 гектарга йириклаштириш;

“Ўзшаробсаноат” АЖ корхоналарига узумнинг техник навларини етиштириш учун ер участкаларини, шу жумладан узумнинг техник навларини етиштириш учун яроқли бўлган тоғолди ҳудудларидан ажратишга ва 2021 йилнинг охирига келиб “Ўзшаробсаноат” АЖ корхоналарининг плантацияларини, ушбу бандга мувофиқ уларни йириклаштиришни ҳисобга олган ҳолда, 10 минг гектарга етказиш;

республика ҳудудида виночилик ва узумчиликда ишлатиладиган техника ва ускуналарни ишлаб чиқариш бўйича қувватларни, шунингдек, ушбу соҳада агротехник воситаларни ишлаб чиқиш бўйича конструкторлик бюроларини яратиш;

узумнинг техник навлари плантацияларида, уларнинг тупроқ спецификасини ҳисобга олган ҳолда, томчилатиб суғориш тизими жорий этилишини кенгайтириш;

экиш материалларини турли вируслар ва бактериялардан, шу жумладан микоплазмлар ва бактериал саратондан ҳимоя қилиш бўйича карантин чора-тадбирларини амалга ошириш;

виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни ёнилғи-мойлаш материаллари, ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишнинг бошқа воситалари билан узумнинг техник навлари плантацияларини шакллантиришнинг биринчи беш йиллигида имтиёзли нархларда таъминлаш;

ишлаб чиқарувчи, ер участкаси, узумнинг ҳолати, нави, барпо этилган вақти, ҳосилдорлиги ва бошқа тавсифловчи кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган узумнинг техник навлари плантациясининг Ягона реестрини шакллантириш;

экиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича комплексларни ва микроклонал кўпайтириш усули билан олинган узумнинг техник навларини кўпайтириш ва етиштириш учун питомникларни яратиш, улар томонидан мевали экинлар навлари мосланувчанлигини, ўсимликнинг экологик-генетик салоҳияти муҳит шарт-шароитларига мос келишини баҳолашнинг экспресс-методларини ўтказиш;

реконструкция қилинаётган ва янги яратилаётган узумнинг техник навлари плантацияларида фақат сертификатланган экиш материали экилишини таъминлаш;

виночилик ва узумчиликнинг ҳуқуқий асослари, уларни ривожлантириш бўйича давлат фаолиятининг асосий йўналишлари, виночилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, реализация қилиш, уларнинг бозорда айланмасини ҳисобга олиш ва назорат қилиш масалалари, шунингдек, ушбу соҳадаги бошқа муҳим жиҳатларни батафсил белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикасининг “Виночилик ва узумчилик тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш каби муҳим вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратсин.

Махсус комиссияга унинг ишига вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ва мутахассисларини, экспертларни, шу жумладан хорижий экспертларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари вакилларини қўйилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

5. Этил спирти, алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тамаки хом ашёсини ферментлаш ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш бўйича республика комиссияси 2018 йилнинг 1 апрелигача амалдаги лицензия талабларини танқидий қайта кўриб чиқиш асосида алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш бўйича, шу жумладан ўткир алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича мавжуд бўлган йиллик ишлаб чиқариш қувватларини камида 60 фоиз ишлатиш тўғрисидаги талаблар эвазига бундай маҳсулотлар ишлаб чиқаришни квоталаш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда истиқболда узумнинг техник навлари плантацияларини жойлаштириш ва ушбу ҳудудларда кейинчалик ишлаб чиқариш объектларининг фаолиятини йўлга қўйишни ҳисобга олган ҳолда сув билан таъминлашнинг аниқ манбаларини аниқласин;

узумнинг техник навлари плантацияларининг ҳудудини суғориш учун сув қудуқларини бурғулаш учун рухсатнома беришга ҳар томонлама кўмаклашсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзшаробсаноат” АЖ, М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, бошқа манфаатдор идоралар ва муассасалар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 июнигача муддатда:

экиш материалларининг талабгир навларини импорт қилиш мақсадида, маҳаллий табиий-иқлим ва бошқа шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда, узумнинг машҳур техник навларини етиштириш ва кўпайтириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан, шу жумладан жойига чиқиб ўргансин;

ўрганиш якунлари бўйича узумнинг машҳур техник навларини етиштириш ва кўпайтириш, шунингдек, республика ҳудудида экиш материалларининг машҳур навларини экиш бўйича замонавий ишлаб чиқариш комплексини йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифларни Махсус комиссияга киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва “Ўзшаробсаноат” АЖ давлат ички тартиботларни тезлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин ва 2018 йилнинг 1 майигача муддатда Ўзбекистон Республикасининг Халқаро виночилик ва узумчилик ташкилотига кириш учун буюртмаси берилишини таъминласин.

9. Амалиётга:

мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, хорижий туристлар, турли мамлакатларнинг виночилик соҳаси вакиллари, эксперт ва мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда ҳар йили республикада вино фестивали ва Халқаро дегустация танлови ўтказилиши;

маҳаллий виночилик маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркаларини хорижий мамлакатларда мунтазам равишда ўтказилиши жорий этилсин.

“Ўзшаробсаноат” АЖ бир ой муддатда 2018 йилда Тошкент шаҳрида вино фестивали ва Халқаро дегустация танлови ўтказилиши тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги доимий асосда “Ўзшаробсаноат” АЖга:

мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ва муассасаларни кенг жалб этган ҳолда ҳар йили вино фестивали ва Халқаро дегустация танлови ўтказишда;

маҳаллий виночилик маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркаларини хорижий мамлакатларда ўтказишда кўмаклашсин.

11. “Ўзшаробсаноат” АЖ:

ишлаб чиқариш циклини такомиллаштириш, маркетинг сиёсатини кучайтириш ва алкоголли маҳсулотларни брендлаш, уларни янги сотиш бозорларига олиб чиқиш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш;

мавжуд виночилик базасида иккиламчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни (узум ёғи, озиқ-овқат бўёқлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар) чуқур қайта ишлашни жорий этиш;

“Ўзшаробсаноат” АЖ вино-коньяк корхоналарида винолар ва коньякларнинг сифатини янада яхшилаш ва экспорт қийматини ошириш, шунингдек, вино материалларини сақлаш учун зангламайдиган пўлатдан сиғимлар ишлаб чиқариш мақсадида улар етилишига жойлаштириш учун эман сиғимлар паркини яратиш бўйича чоралар кўрсин.

12. Қуйидагилар:

узумнинг техник навларини ишлаб чиқарувчилар 2025 йилнинг 1 январига қадар муддатга, қишлоқ хўжалик экинларини қатор оралаб етиштиришидан қатъи назар, ер солиғини тўлашдан;

виночилик корхоналари Ўзбекистон Республикасида етарли ҳажмларда ишлаб чиқарилмайдиган, виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган ва фойдаланиладиган материаллар, хом ашё, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва буюмлар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат асосида олиб кирилиши учун 2025 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин.

13. “Ўзшаробсаноат” АЖ зиммасига озиқ-овқат этил спирти, пиво пишириш, ликёр-ароқ, виночилик ва бошқа алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарни модернизация қилиш ва қайта техник жиҳозлаш бўйича кўмаклашиш юклатилсин.

14. Белгилаб қўйилсинки:

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб пиво пишириш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўрнатилган тартибда “Ўзшаробсаноат” АЖ таркибига шартнома асосида уюшган аъзолар сифатида киритилиши мумкин;

“Ўзшаробсаноат” АЖ ўз улуши билан иштирок этадиган тижорат ташкилотлари фақат жамият кузатув кенгашининг қарори асосида акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади;

“Ўзшаробсаноат” АЖ корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини режалаштириш жамият акциядорларининг умумий йиғилиши қарори асосида, талаб ва таклиф конъюнктураси таҳлили, тайёр маҳсулот қолдиқлари, шунингдек, тармоқни ривожлантириш концепциясини ҳисобга олиб амалга оширилади.

15. “Ўзшаробсаноат” АЖ ташкилий тузилмаси, шунингдек, бошқарув ходимларининг чекланган сони 74 нафар бўлган унинг ижро аппарати тузилмаси 4 ва 5-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

“Ўзшаробсаноат” АЖ бошқаруви раисига зарур ҳолларда бошқарув ходимларининг белгиланган сони доирасида ижро аппарати тузилмасига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

16. Белгилаб қўйилсинки, “Ўзшаробсаноат” АЖ бошқарувининг раиси ва унинг ўринбосарлари жамият акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан сайланади, лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

17. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзшаробсаноат” АЖ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тошкент кимё-технология институтида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб виночилик соҳаси учун олий малакали кадрларни тайёрловчи факультетни тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар киритсин.

18. Белгилаб қўйилсинки, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари виночилик соҳасида мутахассислик йўналишлари бўйича амалиётни тизимли асосда бевосита ишлаб чиқариш ва ўзга корхоналарда, шу жумладан “Ўзшаробсаноат” АЖда ўтайдилар.

19. “Ўзшаробсаноат” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан Тошкент кимё-технология институти ҳузурида Виночилик соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, таълимнинг самарали интерактив услубларини қўллаб виночилик корхоналари ходимларининг билим ва кўникмалари даражасини ошириш;

виночилик иқтисодиётнинг устувор йўналиши ҳисобланган хорижий мамлакатларнинг виночилик корхоналари иш тажрибаси билан таништириш, шу жумладан у ерда мамлакат мутахассисларининг тажриба ўрганишини ташкил этиш, виночилик соҳасини ривожлантириш учун малакали хорижий экспертларни жалб этиш;

виночилик соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда маҳаллий ва хорижий илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш, инновацион ёндашувлар асосида виночилик соҳаси ходимлари учун биргаликдаги ўқув машғулотлари ва курслари ўтказилишини ташкил этиш.

20. 2020 йилнинг 1 январидан барча алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, уларни ишлаб чиқариш ҳажмлари (тури, номи ва бошқа маълумотлар) тўғрисида ҳамда “ишлаб чиқарувчи – улгуржи сотувчи – чакана сотувчи – истеъмолчи” халқаси асосида реализация қилиниши тўғрисида батафсил ахборотни ўзида жамлаган алкоголли маҳсулотлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ахборот тизими (кейинги ўринларда – ахборот тизими) тузилсин ва жорий этилсин, бунда қуйидагилар кўзда тутилсин:

ахборот тизими “UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қувватлаб туриш бўйича ягона интегратор” томонидан ишлаб чиқилиши;

ахборот тизими ишлаб чиқилишини молиявий таъминлаш манбалари – 50 фоизи Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва 50 фоизи “Ўзшаробсаноат” АЖ Ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзшаробсаноат” АЖ, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар мутахассисларидан иборат ахборот тизими яратилиши ва жорий этилишини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳини шакллантириш.

Ахборот тизимига уланишнинг охирги муддатлари қуйидагича белгилансин:

“Ўзшаробсаноат” АЖ улуши 51 фоиз ва ундан кўпроқни ташкил қилувчи алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар учун – 2022 йилнинг 1 январигача;

алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар учун – 2022 йилнинг 1 июнигача;

“Шаробсавдо” ихтисослашган улгуржи савдо базалари учун – 2022 йилнинг 1 октябригача;

алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи юридик шахслар учун – 2022 йилнинг 1 декабригача.

21. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти корхоналарнинг ахборот тизимига ўз вақтида ва тўлиқ уланиши устидан тизимли назоратни амалга оширсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 1 июнигача муддатда:

хорижий амалиёт ва алкоголли маҳсулотлар бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, “Шаробсавдо” ихтисослашган улгуржи савдо базаларининг фаолиятини танқидий ўрганиш натижалари бўйича алкоголли маҳсулотларни реализация қилишнинг бозор механизмларини кенгайтириш бўйича, шу жумладан ишлаб чиқарувчиларга ўзларининг маҳсулотларини уларга тегишли бўлган фирма дўконлари ҳамда ушбу маҳсулотларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланаётган бошқа юридик шахсларга реализация қилиш ҳуқуқини бериш орқали таклифлар киритсин;

“Ўзшаробсаноат” АЖ Ривожланиш фонди ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 2018-2023 йиллар учун хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида виночилик ва узумчилик соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Дастур киритсин, бунда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани ошириш курсларини тугатгандан сўнг мутахассислар учун меҳнат фаолиятини “Ўзшаробсаноат” АЖ корхоналарида давом эттириш бўйича мажбуриятлар белгилаб қўйилсин;

хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда виночилик маҳсулотларини реклама қилишда чекловларни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритсин;

алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича корхоналарда молиявий инспекторларнинг фаолияти танқидий ўрганилишини ташкил этсин, бунда уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин;

“Ўзшаробсаноат” АЖ корхоналари томонидан энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва кенгайтириш Дастурини тасдиқласин.

23. Ҳисоб палатаси “Ўзшаробсаноат” АЖ, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2018 йилнинг 1 августига қадар “Ўзшаробсаноат” АЖ корхоналарининг бандлиги, штат бирликлари, харажатларнинг оқилоналиги, ташкилий тузилмаларини танқидий ўргансин ҳамда уларни мақбуллаштириш ва харажатларни камайтириш, меҳнат унумдорлигини ва ишлаб чиқаришнинг рентабеллигини яхшилаш мақсадида фаолият самарадорлигини янада ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки виночилик соҳасини ривожлантириш мақсадида узумнинг техник навлари плантациялари учун ускуналар, техника, бутловчи ашёлар ва бошқа зарур воситаларни сотиб олиш мақсадида амалдаги қайта молиялаш фоиз ставкалари асосида имтиёзли муддати беш йилдан кам бўлмаган узоқ муддатли етти йиллик имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминласин.

25. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти икки ой муддатда таълим, спорт муассасалари ва диний муассасалардан беш юз метрдан кам радиусда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини реализация қилаётган субъектларни аниқлаш бўйича чакана савдо объектларини инвентаризациядан ўтказсин.

26. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ҳокимлари “Ўзшаробсаноат” АЖга мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашсин.

27. “Ўзшаробсаноат” АЖ Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддат ичида қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

28. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг