Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Маълумки, бугун мамлакатимиз кўплаб ривожланган давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириб, узоқ йиллик «йўл харита»ларини тузиб келмоқда. Айниқса, Бирлашган Араб Амирликлари билан мустаҳкамланаётган алоқалар ўзининг ижобий натижаларини бераяпти. Салкам 27 йиллик дипломатик муносабатларнинг сезиларли силжиши сифатида савдо – иқтисодий, маданий – гуманитар йўналишларни келтиришимиз мумкин.
Статистик маълумотларга кўра, 2018-йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 140 миллион долларни ташкил этган бўлиб, бу 2017-йилга нисбатан 23% га ошган. Хусусан, ўтган йилнинг 9 ойи давомида экспорт хажми 60,8 млн доллар, импорт эса 80,6 млн доллар этиб баҳоланган. Уларнинг таркибида эса озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги моллари, транспорт воситалари, қора металл каби маҳсулотлар бор.
Шу ўринда инвестициявий ҳамкорликни ҳам келтириш лозим. Айни пайт мамлакатимизда амирлик сармояси иштирокидаги 107 та корхона фаолият олиб бораётган бўлиб, улар асосан текстиль, қурилиш моллари, мева-сабзавот консервалари, ювиш воситалари, полиграфия саноати, улгуржи савдо, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда иш олиб бормоқда. Шунингдек, ўтган 2018 йил давомида умумий жамғармаси 58 млн. доллардан ортиқ 20 та БАА капитали иштирокидаги корхоналар ҳам давлат рўйхатидан ўтказилгандир.
Бундан ташқари, Тошкент-Шарджа ва Тошкент-Дубай йўналишлари бўйича тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилганлиги сайёхлик бизнесининг ривожланишига асос бўлмоқда. Хусусан, ўтган 2018 йилнинг 9 ойида мамлакатимизга ташриф буюрган БАА фуқаролари сони 1,6 баробар, жами Амирликлардан виза олган туристлар сони эса 2,3 мартага ошган.
Яна шуни қўшимча қилиш керакки, жорий йилда амирлик тадбиркорлар иштирокида жами 9 марта Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва инвестициявий, туристик салоҳиятини намойиш қилувчи тақдимотлар ўтказилди. Қолаверса, маҳаллий тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар БААда ўтказилган «Gulfood» «INDEX», «Arabian Travel Market» каби ярмаркаларда намойиш этилган. Натижасида дубайлик компаниялар билан умумий қиймати 2,5 млн. долларга тенг 7 та экспорт шартномалари имзоланиб, хозир БААга асал, қандолатчилик, қишлоқ хўжалик, концентрат ва табиий шарбатлар экспорт қилинмоқда.