Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистон Республикасининг 2017-2023 йиллардаги экспорт географиясини таҳлил қилди.
Мамлакатимиздан товарлар ва хизматлар экспорт қилинадиган давлатлар сони ва маҳсулотлар тури тобора ортиб бормоқда. 2017-йилда жами 12,55 млрд. АҚШ долларига тенг миқдорда маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинган бўлса, 2023-йилга келиб, бу кўрсаткич 1,95 марта кўпайди ва 24,43 млрд. АҚШ долларига етди. 2023-йилда экспортнинг йиллик ўсиш суръати 23,8 фоизни ташкил қилди.
2017 – 2023 йиллар мобайнида мамлакатимизнинг экспорт географияси 14 та мамлакатга кенгайди, Ҳозир маҳсулотларимиз 122 та мамлакатга экспорт қилинмоқда (ҳар бирига 10 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдорда).
Экспорт қилинадиган маҳсулотлар диверсификацияси ошиб бормоқда. Жумладан, ТИФ ТН 10 та белгиси бўйича товар номенклатурасида 2017-йилда ҳар бири 10 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган 1219 хил маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 2023-йилга келиб, бу кўрсаткич 2874 тани ташкил қилди (2,4 маротаба кўп).
2017-2023 йилларда пахтадан тайёрланган юқори қўшилган қийматли товарлар экспорти йўлга қўйилди. Хусусан, 2017-йилда тўқимачилик маҳсулотлари умумий экспортнинг 8,1 фоизини ташкил этган бўлса, 2023-йилда ушбу кўрсаткич 12,5 фоизни ташкил қилиб, 65 та мамлакатга 639 турдаги тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида экспортни ошириш бўйича бир қатор устувор мақсадлар ва чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан:
- экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш ва 45 миллиард долларга етказиш, экспортчи корхоналар сонини 6,5 мингтадан 15 мингтага етказиш;
- қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш;
- экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 3,3 баробар кўпайтириш;
- халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сонини 10 баробарга ошириш ва улар сонини 5 мингтага етказиш;
- IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш;
- туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш, тиббиёт ва таълим туризми экспортини йилига 1,5 миллиард долларга етказиш;
- республика ҳудудларида 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги агрологистика марказлари фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг экспорт салоҳиятини 1 миллиард долларга етказиш.