Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 10/06/2024 2017-2023 йилларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,49 баробар ошди
2017-2023 йилларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,49 баробар ошди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда саноатни ривожлантиришда эришилган асосий натижаларни таҳлил қилди.

2017-2023 йилларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,49 баробар ошди ва барча асосий тармоқларда ўсиш суръатига эришилди. Натижада ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 21,1 фоиздан 26,1 фоизгача ошди ва саноат қўшилган қиймат бўйича хизмат кўрсатиш соҳасидан кейин иккинчи ўринни эгаллади.

Таркибий ўзгаришларнинг энг яхши динамикаси саноат ўсишининг драйвери бўлган ишлаб чиқариш саноатида кузатилди. Шу даврда саноатнинг мазкур тармоғда 1,6 маротабадан кўпроқ ўсиш қайд этилди. Электр ва газ таъминоти тармоғи (164,1фоиз), шунингдек, тоғ-кон саноати ҳам (110,7 фоиз) жадал ривожланди.

Умумий ишлаб чиқаришда саноатнинг улуши 84,4 фоизни ташкил этади. Саноатни комплекс ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг амалга оширилиши соҳанинг жадал ривожланишидаги муҳим омил бўлди. 

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўрта ва юқори технологияли саноат тармоқларининг улуши 52,7 фоиздан 61,9 фоизга етди. Бу эса саноатни ривожлантиришда сифат ўзгаришларига эришилганидан далолат беради. Ички ва ташқи бозорда талабга эга бўлган кўплаб турдаги технологик маҳсулотларнинг барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.

Масалан, автомобиль двигателларини ишлаб чиқариш 2,9 баробар, қўрғошинли аккумуляторларни ишлаб чиқариш 1,6 баробар, енгил автомобилларни ишлаб чиқариш 2,9 баробар, совиткич ва музлаткичларни ишлаб чиқариш 3 баробар ошди ва ҳоказо.

Бу даврда саноат республика экспорт даромадларининг ўсишига катта ҳисса қўшди. Экспортнинг умумий ҳажми 1,9 баробар ошиб, 24,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Рангли металлар экспорти билан бир қаторда машинасозлик ва тўқимачилик саноати ҳам ўсишга катта ҳисса қўшди. Машинасозлик маҳсулотлари экспорти 3,7 баробар (1,3 миллиард доллар), тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2,3 баробар (3,05 миллиард доллар) ошди.

Саноат салоҳиятини янада ошириш мақсадида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қатор чора-тадбирлар ва вазифалар белгиланган. Жумладан:

- саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ҳисобига ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улушини 32 фоизга ошириш;

- экспорт географиясини кенгайтириш ҳисобига тайёр маҳсулот ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини экспортда 3,3 баробар ошириш;

- автомобиль саноатида рақобат муҳитини яратиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллионтага етказиш;

- хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш ва шу асосда юқори рентабелли мис маҳсулотларини 3,5 баробар, олтиндан тайёрланган маҳсулотларни 1,5 баробар, кумушдан ясалган буюмларни 3 баробар ошириш;

- ишлаб чиқариш саноатида меҳнат унумдорлигини 2 баробар ошириш.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг