Валюта курслари 17/09/2024
$1 – 12729.48
UZS – -0.16%
€1 – 14156.45
UZS – 0.1%
₽1 – 139.72
UZS – -0.38%
Қидириш
Туризм 01/04/2024 2017-2023 йилларда Ўзбекистонга келган сайёҳлар оқими 2,5 баробар кўпайди
2017-2023 йилларда Ўзбекистонга келган сайёҳлар оқими 2,5 баробар кўпайди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2017-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижаларини таҳлил қилди.

2023-йилда Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳлар сони 6,6 миллион нафарга етди. Шуни таъкидлаш лозимки, охирги олти йилда туристлар оқими қарийб 2,5 баробар кўпайди, яъни 2017-йилда хорижлик сайёҳлар сони 2,6 миллион нафарни ташкил қилганди. 

Маълумот учун: Дунёдаги 91 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга келиш учун визасиз тартибдан фойдаланиши мумкин. Таққослайдиган бўлсак, Қозоғистонга 26 та, Туркияга 41 та, Грузияга эса 56 та мамлакат фуқаролари визасиз кела олади.

Туризм экспортининг ривожланиши мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиш манбаларидан бири ҳисобланади. 2023-йилда туризм хизматлари экспорти 2 миллиард 143 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2017-йилда 531 миллион долларни ташкил қилганди. 2023-йилда сайёҳлар сонининг сезиларли даражада ошиши ҳисобига туризм хизматлари экспорти 2017-йилдагига нисбатан қарийб 4,5 баробарга ортган.

Маълумот учун: Американинг Travel Lemming онлайн саёҳат қўлланмаси 2023-йилда Ўзбекистонни дунёнинг 50 та энг яхши сайёҳлик йўналиши рўйхатига киритди ва мамлакатимиз 9-ўринни эгаллади. Ушбу қўлланма ҳар йили дунё бўйлаб янги йўналишлар ва яширин дурдоналарни ёритади ва уни 6 миллиондан кўпроқ саёҳатчи ўқийди.

Қайд этилаётган натижалар соҳанинг салоҳияти катта эканлигидан далолат беради. Шу боис соҳада инфратузилма обектларини янада кўпайтириш ва ички туризм имкониятларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда.

2023-йилда Ўзбекистонда сайёҳларни жойлаштириш воситлари сони 5526 тага етди. Охирги олти йилда сайёҳларни жойлаштириш воситлари сони 7,2 баробар кўпайди, яъни 2017-йилда уларнинг сони 767 та эди холос. 

2017-2023 йиллар оралиғида мамлакатимизда сайёҳларга хизмат кўрсатувчи субъект ва объектлар сони 7 баравар кўпайди ва уларнинг сони 749 тадан 5276 тага етди. 

“Ўзбекистон - 2030” стратегиясида ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини оширишга алоҳида эътибор берилган.

Шунга кўра, 2030-йилга қадар хорижий сайёҳлар сонини 15 миллион нафарга, ички сайёҳлар сонини 25 миллион нафарга, зиёрат туризми бўйича келадиган сайёҳлар сонини 3 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига республикада меҳмонлар учун мўлжалланган ўринлар сонини камида 2 баробар ошириш, туризм маҳаллалари сонини 175 тага, туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга, тиббиёт ва таълим туризми экспортини йилига 1,5 миллиард долларга етказиш белгиланган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг