Валюта курслари 13/11/2024
$1 – 12793.38
UZS – -0.08%
€1 – 13595.52
UZS – -0.6%
₽1 – 130.73
UZS – 0.07%
Қидириш
Иқтисод 04/04/2024 2017-2023 йилларда кимё маҳсулотлари экспорти қарийб 1,5 баробар ошди
2017-2023 йилларда кимё маҳсулотлари экспорти қарийб 1,5 баробар ошди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2017-2023 йилларда асосий турдаги кимё ва газ-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш суръатини таҳлил қилди.

2017-2023 йилларда кимё саноати хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётган бир шароитда ривожланди. Ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми қиёсий нархларда 1,16 баробар, жумладан, кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш 10,1 фоизга, резина ва пластмасса буюмларни ишлаб чиқариш 36,2 фоизга ошди. 

Ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган минерал ўғитлар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таркибида энг катта улушга эга бўлди. Мутлақ ҳисобда уларни ишлаб чиқариш ҳажми 23,5 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш суръати азотли ўғитларни ишлаб чиқаришда кузатилди – 29,2 фоиз. Калийли ўғитларни ишлаб чиқариш 17,9 фоизга ошди. 

Азотли ўғитлар сегментида карбамид ишлаб чиқариш ҳажми 68 фоизга, аммиакли селитра ишлаб чиқариш ҳажми 17,8 фоизга ошди. «Навоийазот» акциядорлик жамияти ва «Фарғонаазот» АЖ ушбу турдаги маҳсулотларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси мавқеини сақлаб қолди. Республикада ишлаб чиқарилаётган карбамид ва аммиакли селитранинг 75 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Умуман олганда, кимё мажмуаси корхоналари ишлаб чиқаришнинг янги турлари ўзлаштирилишини ҳисобга олган ҳолда 180 хилдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқармоқда.

Кимё саноати ривожланишидаги илгари силжиш газ-кимё ишлаб чиқаришининг ривожланиши ва шунга мос равишда полиэтилен, полипропилен ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан белгиланади. Акрил ва винил полимерлар асосидаги бўёқларни ишлаб чиқаришда 1,49 баробар кўп ўсиш суръатига эришилди. Маиший кимё бозори жадал ривожланди.

Таҳлил қилинаётган даврда кимё маҳсулотлари экспорти қарийб 1,5 баробар ошди. Агар 2017-йилда экспорт ҳажми 883,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2023-йилда бу кўрсаткич 1,3 миллиард доллардан ошиб кетди. Бугунги кунга қадар кимё маҳсулотлари дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда. 

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кимё саноатини янада юксалтириш ва унинг мамлакат саноатини ривожлантиришдаги ролини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланган: 

Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Фарғона вилоятларида йирик кимё ва полимер кластерларини ташкил этиш, улар доирасида 9,9 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига 44 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш;

- импорт ўрнини босувчи юқори қўшилган қийматга эга 30 дан ортиқ янги товарларни ўзлаштириш билан Тошкент вилоятида Чирчиқ кимё-саноат технологиялар паркини ривожлантириш; 

- камида 2 миллиард АҚШ долларига тенг бирламчи хомашё ва кимёвий маҳсулотлар, шу жумладан табиий газни қайта ишлаш даражасини 20 фоизга ошириш ҳисобига ишлаб чиқаришнинг кўп босқичли занжирига эга янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш;

- илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро алоқани мустаҳкамлаш, кимё мажмуасида инновацияларни оммалаштириш учун илмий-ишлаб чиқариш ва ўқув кластерини яратиш.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг