Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 02/11/2017 Ватанпарварлик – оиладан бошланади
Ватанпарварлик – оиладан бошланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳри Учтепа тумани Абдулла Қодирий номли маҳалла фуқаролар йиғинида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг маҳалла фаоллари ва ўқувчи ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

“Ватанпарварлик – маҳалладан бошланади” номли тадбирда ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар мамлакатимизда ҳарбий соҳада эришилаётган ютуқлар, киритилаётган ўзгаришлар ва яратилаётган шароитлар ҳақида кенг тушунчалар бердилар. Бундай тадбирлар бир томондан Ватан ҳимоячиларининг кайфиятини, Қуролли Кучларда кечаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга фуқароларнинг муносабатини аниқлашга имкон бераётган бўлса, иккинчи томондан халқимизнинг ўз армиясига бўлган эътиборини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланди.

Бунинг натижасида Қуролли Кучлар ва халқимиз ўртасидаги ришталар янада мустаҳкамланиб, ёшларимизнинг ўз армиясига нисбатан фахр, ғурур, ифтихор туйғулари янада ошмоқда.

Маҳалла – инсонни жамият билан уйғунлаштирадиган ҳамда шу руҳда тарбиялайдиган энг катта саҳоватли гўша ва беқиёс Ватан. Халқимизда “Маҳалла – ҳам ота, ҳам она” деган ҳикматли ибора бор. Маҳалла – тарбия маскани, ҳар бир оилага таянч ва суянч эканлиги кўпчиликка аён. Мамлакатимизда “маҳалла” тушунчаси Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб қўйилган. Айни пайтда у юртимизда амалга оширилаётган “Кучли давлатдан–кучли фуқоролик жамияти сари” деган тамойилнинг ифодаси бўлиб, маънавий ҳаётимизни янада мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг онгу тафаккурини замонавий билимлар асосида шакллантириш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, ”Маҳалла-юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради”. Шунинг учун ўзбек халқида оила ва маҳалла шаънининг баланд тутилиши, ўз шахсий манфаатларидан кўра маҳалла фаровонлигини устун қўйиш, қариндош-уруғ ва яқин одамларга, қўни қўшниларга ғамхўрлик қилишнинг биринчи ўринга қўйилиши олий қадрият ҳисобланиб, маҳаллани Ватан билан чамбарчас боғлашга ва бу боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳар бир ота-она ўз зурриётини соғлом муҳитда тарбияланиши, халқ учун, Ватан учун хизмат қиладиган керакли инсон бўлиб вояга етишини хохлайди. Зеро, насл поклиги, оиланинг мустаҳкамлиги Ватаннинг қудратлилиги кафолатидир. Ватанпарварлик азалдан халқимизда энг юксак инсонийлик санаб келинган.

Ана шунинг учун Мудофаа вазирлигида ҳам маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда турли тадбир ва учрашувлар ўтказишга, миллий армиямиздаги ислоҳот ва ўзгаришларни етказиб боришга эътибор берилган. Ўтказилаётган бундай тадбирлар аввало Қуролли Кучлар фаолиятини очиқлигини ва ошкоралигини таъминлашга, ота-оналарда юрт ҳимоячиларига бўлган меҳрларини, Қуролли Кучларимиздан ғурурланиш ва ёшларимиз қалбида эса Ватанга муҳаббат, ҳарбий хизматга чуқур ҳурмат туйғуларини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Тадбирда жорий йилда бўлиб ўтган учинчи Халқаро армия ўйинларининг “Қўшин разведкаси аълочилари” танловида фахрли 3-ўринни, яқиндагина Буюк Британияда қўшин разведкачилари ўртасида бўлиб ўтган “Кембрия патрули” халқаро танловида 2-ўринни олиб қайтган Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ўз ютуқлари ҳақида гапириб беришди. Ёшларни қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоб қайтарилди.

Тадбирда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари полковник Мақсуд Абилов, подполковник Алишер Ширинов, Қуролли Кучлар фахрийси Одилжон Ражабов, маҳалла йиғини раиси Лилия Тўраходжаевалар сўзга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли жамоаси яккахон хонандаларининг ижросидаги ватанпарварлик мавзусидаги куй ва қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг