Инновацион тадбиркорлик ҳафталигида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлаётган 200 дан ортиқ хотин-қизлар ўз бизнес ғоялари билан иштирок этмоқдалар.
21 – май куни Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети конференциялар залида Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида яна бир эътиборли тарихий воқеа бўлиб ўтди, хотин-қизларни ихтирочилик ва тадбиркорлик фаолиятини қуллаб-қувватлашга қаратилган 2 та меморандум имзоланди.
Яъни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси - Нарбаева Танзила Камаловна сўзга чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири - Абдураҳмонов Иброҳим Юлчиевич ва Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори - Файзуллаев Алишер Насибуллаевич ўз табрик сўзлари билан иштирок этдилар.
Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталигини ўтказишдан асосий мақсад:
• мамлакатимиз хотин-қизларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ва уларнинг ўзига бўлган ишончини орттириш;
• хотин-қизларнинг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишларига кўмаклашиш;
• хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятига инновацион ёндашувни жорий қилиш;
• хотин-қизларнинг ўз бизнес ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишларига кўмаклашиш.
Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги давомида қуйидаги тадбирлар бўлиб ўтмоқда:
• Инновацион тадбиркорлик ҳафталиги иштирокчилари учун ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси ва товар белгиларини ҳуқуқий муҳофазаси бўйича ўқув машғулотлари;
• Тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун бизнес семинарлар;
• Тажрибали тадбиркорлар томонидан кўргазмали амалий машғулотлар ҳамда давра суҳбатлари;
• “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” I Республика танлови ғолибаларининг танловдан сўнг амалга оширган ишлари бўйича тақдимотлари.
Ҳафталик якунида иштирокчи хотин-қизлар орттирган тажриба ва кўникмалари асосида тайёрлаган бизнес лойиҳалари бўйича тақдимотлар қилишади. Ҳафталик давомида таълим олган хотин-қизларга сертификат берилади.