Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 23/04/2019 Тошкент шаҳар брендининг тақдимоти
Toshkent shahar brendining taqdimoti

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) - Жорий йилнинг 22 апрелида Тошкент шаҳар ҳокимиятида Тошкент шаҳар бренди хусусида тақдимот ташкил қилинди. Тадбирда Тошкент шаҳар Жамоатчилик кенгаши вакиллари, Тошкент шаҳар туризмни ривожлантириш департаменти, инвестициялар департаменти, Ижтимоий ва маданий масалалар бўйича департамент, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Бошқарув аппарати, “MA’NO branding” компанияси вакиллари, туристик фирма, бренддан келажакда фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган компания вакиллари ҳамда ОАВ қатнашди.

Тошкент шаҳар бренди тақдимотини ўтказишдан кўзланган мақсад, ҳозирги замонда пойтахт ҳаётида бренднинг етакчи аҳамиятини намойиш қилиш, бренддан фойдаланиш услублари, шаҳарнинг ижобий қиёфаси ҳамда имижини бренд орқали кўрсатишдан иборат бўлди.

Тошкент шаҳар брендининг тақдимот тадбирини Тошкент шаҳар Жамоатчилик кенгашининг раиси Ҳикмат Абдураҳмонов очиб берар экан, туризм бренд белгисининг бренд нафақат пойтахт қиёфасини, балки унинг иқтисодий салоҳияти, Ўзбекистондаги ҳудудлар орасида ўзига хос рақобатбардошлиги жиҳатлари, унда илм-фан, инновацион лойиҳалар жадал суръатлар билан такомиллашиб бораётганлиги акс этганлигига алоҳида тўхтади.

Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаментининг мутахассиси Бурҳониддин Мусаев пойтахт бренди фақатгина мегаполислар учун эмас, балки шаҳар туризм марказлари учун ҳам етакчи аҳамиятга эга эканлиги, Тошкентда туризмни ривожлантириш ҳамда унга хорижий инвестицияларни жалб этишдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.

Брендни ишлаб чиққан “MA’NO branding” компаниясининг асосчиси Элина  Ибрагимова ҳамда дизайнер Тимур Саъдийлар бренд тасвиридаги рамз ва белгиларнинг ўзига хос тасвирига изоҳ беришди.

ЭСЛАТМА: 2018 йилнинг июлида Тошкент шаҳар жамоатчилик кенгашининг экспертлари Тошкент шаҳар бренди устида иш олиб боришди. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Бир неча ой мобайнида давом этган Тошкент шаҳрининг бренд танлови 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайдиган пойтахтимизнинг “Тошкент-умумий уйимиз” ғояси асосида ўтказилди.

Тошкент шаҳар бренди учун танлов ўтказилиб, танловга ишлар 31октябргача қабул қилинди. Ушбу муддат мобайнида 10 кишидан иборат ҳайъат аъзолари 118 нафар рассом ҳамда дизайнерларнинг 310 дан ортиқ ишини кўриб чиқди. Ноябрь ойида саралаб олинган 6 та иш Тошкент шаҳар Депутатлар кенгашига тақдим қилинди, Депутатлар кенгашининг 2019 йил 12 январда қабул қилинган қарорига кўра “MA’NO branding” компаниясининг бренд тасвири тасдиқланди. Тошкент шаҳар туризм брендини танлаш жараёнида асосий эътибор, брендни тасвирлашда креатив ёндашилганликка, ўзига хослиги ҳамда миллий элементлар қўлланганлигига, шаҳарнинг тарихи, бугуни ҳамда келажаги, миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар акс эттирилишига қаратилди.

Тошкент шаҳрининг Туризм брендида олтин рангда пойтахтнинг очиқ дарвозалари ва “Т” ҳарфи шаклидаги Тошкентнинг тинчлик барқарор бўлган мусаффо осмони тасвирланган. Ушбу тасвирлар Тошкент шаҳрида қут-барака, фаравонлик аримаслик рамзини ифодалайди.

Тошкент шаҳри бренди тасвиридан сайёҳлар учун буюмлар, эсдалик совғалари ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг