Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 27/01/2021 Судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича вебинар ўтказилди
Судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича вебинар ўтказилди

26 январь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси ва Олий суди тизимлари раҳбар ходимлари учун “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули доирасида ўқув машғулотлари ташкил этилди.

Вебинар шаклидаги машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил А.Юнусова, Миллий гвардия бошқарма бошлиғи И.Турғунов, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг "Инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиёти" кафедраси профессори А.Матчонов  ўз маърузалари билан иштирок этди.

Академик А.Саидов "Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар, уларнинг судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги ўрни ҳамда аҳамияти" мавзуида маъруза қилар экан, кейинги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларига эътиборни қаратди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони асосида 2020 йили тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг асосий қоидаларига атрофлича тўхталди.

Ўз навбатида, профессор А.Матчонов инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ушлаб турилган, ҳибсга олинган, шунингдек мажбурий даволанишга юборилган шахсларга нисбатан қўлланиши хусусида сўз юритди. И.Турғуновнинг чиқишида халқаро стандартлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фаолиятига татбиқ этилишининг амалий жиҳатлари таҳлил қилинди.

А.Юнусова судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятлари ва жавобгарлиги масалалари ҳақида гапирди. Бундан ташқари, кейинги даврда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга болалар томонидан энг кўп тушаётган мурожаатларнинг маъно-мазмуни ва моҳияти амалий мисоллар орқали ўрганилди.

Тадбир якунида ушбу вебинар судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича билимларини оширишга қаратилган жорий ўқув курси туркумидаги охирги машғулот экани таъкидланди.

Тингловчилар  томонидан вебинар қизиқарли ва фойдали услубда ташкил қилингани эътироф этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг