Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Иқтисод 29/11/2024 "Sohar International" банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

"Sohar International" банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил 28 ноябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарияти "Sohar International" банки ҳамда "Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси" вакиллари билан учрашув ўтказди.

Маълумот учун: Sohar International - 2007 йилда ташкил этилган Ўмон банк муассасаси. Банк жисмоний ва юридик шахсларга банк ечимларини, жумладан ҳисоблар ва омонатлар, кредитлар, суғурта ва капитал бошқарувини таклиф этади.

Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси (UOIC) - Ўзбекистонда 2010 йилдан бери фаолият юритаётган халқаро инвестиция компанияси. Компаниянинг асосий вазифалари: капиталнинг узоқ муддатли ўсишига эришиш, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш ҳамда Ўмон Султонлиги ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирда Ўмон Султонлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Вафа Жабр Нассер ал-Бусаидий, "Sohar International" банки бошқаруви раиси Аҳмад Ал Мусалми, "Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси" бош директори Умар Баҳром ва бошқа вакиллар иштирок этдилар. Ўзбекистон томонидан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Жасур Каршибаев қатнашди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятга оид кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдилар. Бунда миллий иқтисодиётнинг жорий ҳолати ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар таҳлилига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, иштирокчилар молия соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги йўналишларини, ҳамда шерикликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон банк секторини ислоҳ қилиш масалалари ҳамда молия ва инвестициялар соҳасидаги умумий тенденцияларга алоҳида эътибор берилди.

Учрашув якунида томонлар ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича мулоқот ва биргаликдаги ишларни давом эттиришга тайёрликларини билдирдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг