Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 26/10/2017 Сайёр учрашувларда муаммоларга ечим топилмоқда
Сайёр учрашувларда муаммоларга ечим топилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилоят ва Қамаши туман кенгашлари томонидан тумандаги Оқработ қишлоқ фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилди.

Шу куни Оқработ, Каптархона, Гулшан қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги қишлоқларда истиқомат қилаётган 20 дан ортиқ фуқаролар партия вилоят кенгашига турли масалаларда мурожаат қилдилар. Бешта мурожаат шу жойнинг ўзида ижобий ечимини топди. Сайловчиларни қийнаб келаётган йигирмага яқин муаммолар ўрганиш учун халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларига юклатилди.

-Оқработ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқларда 16 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, - дейди маҳалла фаоли, профессор Шомансур Рашидов. - Қишлоқ врачлик пунктимиз ҳозирги кунда поликлиникага айлантирилди. Лекин стационар ётиб даволанишнинг имкони йўқ. Малакали шифокорлар етишмайди.

Мазкур мурожаат депутатлик гуруҳи томонидан шу куни ўрганилиб, қишлоқдаги шифоахонада ётиб даволаниш учун шароит яратиш ва малакали шифокорлар билан таъминлаш юзасидан туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Бахтиёр Умаров томонидан туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига сўровнома юборилди.

Оқработ ҚФЙ ҳудудидан Қашқадарё дарёси оқиб ўтади. Тўртта экскаватор муттасил равишда дарёдан қум қазиб, машиналарга юклайди. Оғир юк машиналарини тинимсиз қатнаши туфайли қишлоқлар кўчалари яроқсиз бўлиб, уйларни зах босиб кетмоқда.

Мазкур масала юзасидан депутатларнинг вилоят табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғанишер Ибрагимовга қилган мурожаатидан сўнг, махсус гуруҳ томонидан ҳолат ўрганилиб, ўзбошимчалик билан қум қазиб олаётган фуқароларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Сайёр учрашувда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида қатор муаммолар борлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ҳудуддаги 10 км масофада аҳолига сув етказиб берадиган мотор таъмирталаб, лекин уни тузатиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаяпти. Натижада аҳоли сув сотиб олишга мажбур. Мазкур масала юзасидан аҳоли томнидан қилинган мурожаатнинг мақбул ечимларини топиш мақсадида партия депутатлик гуруҳлари орқали мутасаддиларга сўровномалар юбориладиган бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вилоят кенгаши томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган сайёр учрашувларда аҳоли томонидан қилинган 70 дан ортиқ мурожаатлар кенгашлар ва депутатлик гуруҳлари томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг