Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 16/02/2021 Рухсат берувчи ҳужжатларни олишни замонавийлаштириш йўлида
Рухсат берувчи ҳужжатларни олишни замонавийлаштириш йўлида

 

Асосий мақсадимиз аҳолига, шу жумладан тадбиркорларга енгиллик яратиш бўлиб ҳисобланади. Шу мақсадда, Адлия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик фаолиятининг айрим соҳаларида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳа бўйича кенга жамоатчиликнинг таклифларини олиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштирилди.

Қарор лойиҳасини қабул қилишнинг зарурати

Бугунги кунда 116 турдаги рухсат беришга доир тартиб-таомиллардан ўтиш талаб қилинадиган ҳаракатлар ва фаолият турлари мавжуд бўлиб, ушбу тартиб-таомиллардан ўтишни ва фаолиятини назорат қилишнинг унификациялашган тартиби ўрнатилмаган.

Жумладан, ҳар бир рухсат этишга оид фаолият турлари ва ҳаракат бўйича алоҳида низомлар тасдиқланган. Рухсат этишга оид ҳужжат талаб қилинадиган фаолият турларидан дастлаб 50 та танлаб олинди.

Мазкур низом лойиҳаси ва унга илова қилинаётган паспортлар “конструктор” усулида тайёрланган бўлиб, келгусида бошқа рухсатга этишга доир ҳаракат ва/ёки фаолиятларнинг паспортларини ишлаб чиқиш ва ушбу низомга илова қилиш орқали кенгайтириш мумкин.

Мавжуд 116 турдаги рухсат этишга оид ҳужжатлар учун алоҳида низомларнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши натижасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони сунъий равишда ошиб кетиши, бир хил мазмундаги тартибга солиш жараёни бир неча ҳужжатда қайтарилиши ва ушбу ҳолатлар ҳуқуқни қўллаш амалиётида англашилмовчилик ва қийинчиликларга олиб келиши мумкин.

Шу сабабли таклиф қилинаётган айрим соҳаларда рухсат этишга доир тартиб-таомилларидан ўтиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятлар ёки бажариладиган ҳаракатларни тартибга солувчи нормаларни унификациялаш зарурати юзага келмоқда.

Қарор лойиҳасининг мазмуни

Лойиҳага асосан Тадбиркорлик фаолиятининг айрим соҳаларида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги ягона низом тасдиқланмоқда, низом 79 та банд ва 30 та иловадан (паспортлардан) иборат.

Низом билан рухсат этишга оид умумий қоидалар, фаолиятни амалга ошириш ва маълум ҳаракатни бажаришнинг умумий талаблари ва шартлари, рухсат этишга доир тартиб-таомиллардан ўтиш, шу жумладан ваколатли органга рухсат этишга доир ҳужжатни олиш учун мурожаат қилиш, аризаларни кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, рухсат этишга оид ҳужжатни қайта расмийлаштириш, ўзгартириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бекор қилиш, тартиблари, шунингдек рухсат этиш тартиб-таомилларининг ўзига хос хусусиятлари, келишиладиган органлар томонидан сўровларнинг кўриб чиқилиши ва оқибатлари, рухсат этишга доир ҳужжат асосида амалга ошириладиган фаолиятни назорат қилиш тартиби ва жавобгарлик, ваколатли органлар қарорларига (ҳатти-ҳаракатларига) нисбатан маъмурий шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби, ҳамда хабарномалар реестрини юритиш жараёни батафсил ёритилган.

Қайд этиш лозимки, низом лойиҳасида маъмурий шикоятлар бериш ва уни кўриб чиқиш жараёни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқлаштирилган.

Хусусан, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар республика даражасидаги ваколатли орган томонидан қабул қилинса, ваколатли орган ҳатти-ҳаракатлари ёки қарорлари устидан Апелляция кенгашига мурожаат қилиш белгиланмоқда. Низомда Апелляция кенгашининг таркиби ва унинг ваколатлари аниқ белгиланмоқда.

Низомнинг 1-30 иловалари билан ҳар бир рухсат этиш хусусиятига эга хужжатларни беришнинг паспортлари белгиланмоқда.

Паспортларида ҳар бир рухсат этиш хусусиятига эга хужжатни беришнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб асосий маълумотлар жой олган. Бунда, рухсат этиш хусусиятига эга хужжатнинг номи, ҳужжат асосида рухсат бериладиган фаолият ва ҳаракат, ҳужжатни беришга ваколатли орган, ҳужжатни олиш учун талабгор томонидан кўрсатиладиган маълумотлар ва юкланадиган ҳужжатлар, фаолиятни амалга ошириш ва/ёки ҳаракатни бажаришнинг талаб ва шартлари, ҳужжатни беришда келишиладиган органлар ва келишиш тартиблари ва муддатлари батафсил ва аниқ кўрсатилмоқда.

Кутилаётган натижалар

Лойиҳа тадбиркорлик субъектларига қулай бизнес муҳит яратиш, рухсат беришга доир тартиб-таомиллардан ўтиш ва ушбу фаолият ва ҳаракатни амалга оширишнинг ягона ва шаффоф механизми яратилишига, рухсат бериш жараёнларида коррупциявий ҳолатларнинг юзага келишини олдини олишга, рухсат этишга доир фаолиятни амалга оширувчи ва ҳаракатни бажарувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланиши аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига, қолаверса ваколатли органларга ҳам қулайликлар яратади.

Жамоатчилик муҳокамасида келиб тушган таклифлар асосида лойиҳа янада такомиллаштирилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг